11 Ноябр 2019 йил 5275

Ўзбекистон Республикаси ИИВ делегациясининг Вьетнам Социалистик Республикасига ташрифи

Жорий йилнинг 23–28 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари, полковник Дониёр Тошхўжаев бошчилигидаги делегацияси Вьетнам Социалистик Республикасида бўлди.

Юртимизда жамоат тартибини сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, жумладан, «Хавфсиз пойтахт» концепцияси бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, хусусан, жамоат тартибини сақлаш кучларининг деярли етмиш фоизини кечки ва тунги вақтга жалб қилиш орқали ташкил этилган туну кун уч сменали патруль режими вьетнамлик ҳамкасбларда катта қизиқиш уйғотди. Ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш ва уларни бартараф этиш мақсадида ички ишлар органлари бўлинмалари, биринчи галда, жамоат тартибини сақлаш кучлари патруль гуруҳларининг ҳодиса жойига ёки ташвишли хабар келган жойга зудлик билан етиб келишини таъминловчи механизм ҳам уларни беэътибор қолдирмади.

Шунингдек, мезбонлар мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида, жумладан, 2018–2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси доирасида олиб борилаётган ишларни юқори баҳолашди. Жамоатчилик эътиборини йўллардаги хавфсизлик муаммосига қаратиш, автотранспорт воситаларисиз ҳаракатланиш мумкин ва зарур эканини намойиш этиш, йўл ҳаракати иштирокчиларини йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишга оммавий даъват этиш мақсадида «Йўл ҳаракати хавфсизлиги куни» ва ҳар ойда бир марта «Автомобилсиз кун» акциясини ўтказиш жорий қилингани ўта аҳамиятли экани қайд этилди.

Учрашувлар давомида Вьетнам Жамоат хавфсизлиги вазирлиги ва унинг бўлинмалари фаолияти, жамоат тартибини сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, шунингдек, жамоат хавфсизлиги органларининг хизматни ўташ тартиби ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди. Вьетнамда жиноятчиликнинг барча кўринишларига қарши курашни амалга оширувчи Полиция бош бошқармаси бутун мамлакат ҳудудида ички ишлар органлари таркибий бўлинмаларига бошчилик қилади.

Учрашувлар чоғида вьетнамлик ҳамкасблар Ўзбекистон Республикаси ИИВ делегацияси вакилларини Вьетнам полициясини ислоҳ этишнинг қуйидаги асосий йўналишлари билан таништирди:

Биринчидан, Вьетнам раҳбарияти коррупцияга қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратади. Сўнгги йиллар ичида коррупцияга қарши курашиш соҳасига оид турли даражадаги 90 га яқин қонун ҳужжатлари, жумладан, Жиноят кодексининг янги таҳрири, «Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тўғрисида», «Давлат аудити тўғрисида», «Инс­пекция тўғрисида», «Шикоятларни тартибга солиш тўғрисида», «Пул ўзлаштиришнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунлар, 2020 йилгача бўлган даврга мўлжалланган Миллий коррупцияга қарши стратегия ва бошқа меъ±рий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. 

Бундан ташқари, 2017 йилда коррупциянинг олдини олиш бўйича самарали чора-тадбирлардан бири сифатида турли даражадаги давлат муассасаларидаги мингдан ортиқ лавозимлар учун даромад ва чиқимларни мажбурий декларация қилиш механизми жорий этилди.

Иккинчидан, ижобий тажриба сифатида кибержиноятчиликка қарши курашиш механизмлари амалга татбиқ этилди. Вьетнам интернет шиддат билан ривожланиб бораётган 20та давлатдан бири ҳисобланади. Айни дамда мамлакатда 64 миллион (аҳолининг 69 фоизи) интернетдан фойдаланувчилар мавжуд. Давлат, жамият ва шахснинг ўта муҳим манфаатларини ҳимоялаш мақсадида жорий йилнинг 19 июнида 7 боб ва 43 та моддадан иборат, 2019 йилнинг 1 январидан кучга кириши белгиланган «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.

Киберхавфсизликни таъминлаш масаласи долзарблик касб этгани боис Жамоат хавфсизлиги вазирлиги тузилмасида Киберхавфсизлик ва юқори технологиялардан фойдаланган ҳолда жиноятчиликка қарши курашиш департаменти ташкил этилди. Шу йилнинг биринчи ярим йиллигида Департамент ходимлари томонидан 4500 дан ортиқ хакерлик ҳаракатлари ва интернет орқали давлат ахборот тизимларига нисбатан 6,5 мингга яқин вирусли ҳужумнинг олди олинди, айбдор шахсларга нисбатан 500 га яқин жиноят иши қўзғатилди.

Хавфсизлик органлари ва полиция мутахассисларининг ахборот хавфсизлиги соҳасидаги тайёргарлиги махсус йўналишларга эга бўлган Халқ полиция академиясида амалга оширилади.

Учинчидан, 2015 йил 27 ноябрь куни Вьетнамда 2019 йилнинг 1 январидан кучга кириши назарда тутилган 3 қисм, 26 боб ва 426 та моддадан иборат ва янги таҳрирдаги Жиноят кодекси қабул қилинди.

Янги таҳрирдаги Жиноят кодексига жиноий жазонинг «огоҳлантириш» каби тури киритилди. У арзимас жиноят (давлатимиз қонунчилигида – жамият учун катта хавф туғдирмаган жиноят) содир этган шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин. Жиноий жазо қўлламаган ҳолда, маҳкумнинг жазосини енгиллатиш ҳолатлари ва тузалиш имконияти мавжуд (Вьетнам ЖК 34-м.).

Шунингдек, янги таҳрирдаги Жиноят кодексида юридик шахслар учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Юридик шахсларга нисбатан 5 турдаги жазо қўлланилади: жарима (50 млн. донгдан кам бўлмаган миқдорда); фаолиятнинг тугатилиши (юридик шахсларнинг инсон, табиат, жамоат хавфсизлиги ва тартибига зарар келтирувчи бир ёки бир неча турдаги фаолиятини 6 ойдан 3 йилгача тўхтатиш); фаолиятни тугатиш (юридик шахсларнинг одамлар ҳаёти ва соғлиғига, табиат, жамоат хавфсизлиги ва тартибига зарар етказувчи, етказилган зиён оқибатларини бартараф этишнинг иложи бўлмаган бир ёки бир неча турдаги фаолиятини ёинки бутун бошли фаолиятини тўхтатиш); муайян соҳаларда фаолият юритишни тақиқлаш (суд тақиқ этилган аниқ соҳаларни белгилаб, 1 йилдан 3 йилгача муддат тайинлайди); капитал жалб этишни тақиқлаш (суд 1 йилдан 3 йилгача муддатга тақиқ белгилайди).

Тўртинчидан, Вьетнамда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун қатъий талаблар белгиланган: автотранспорт воситалари хилини аниқ чегаралаш, шунингдек, ҳар бир рухсат тури учун индивидуал амал қилиш муддати ва ёш чегарасини белгилаш имконини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаларининг дифференциал тизими (А1, А2, А3, А4, В1, В2, C, D, E, F ва бош­қалар) қўлланилади, автомобиль бошқариш бўйича ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун 6 ойдан кам бўлмаган муддатда ўқиш (мопедлардан ташқари, улар учун гувоҳнома олишнинг енгиллашган тартиби (1 ойдан кам муддатга) белгиланган), имтиҳон топшириш, шунингдек, транспорт солиғини тўлаш лозим.

Бешинчидан, сифатли пулли автомобиль магистрал йўлларининг мавжудлиги хусусий инвестицияларнинг жалб этилиши ва давлат-хусусий шериклик алоқаларининг йўлга қўйилиши учун мустаҳкам пойдевордир. Вьетнамда 2010–2020 йилларда йўл тармоқларини ривожлантириш стратегияси ва 2030 йилгача ривожланиш истиқболи билан пулли магистрал йўллар тармоғи жорий этилди. Магистрал йўлларнинг ҳар 100 километрида тўлов қабул қилиш шохобчалари ташкил этилган.

Вьетнамда қайси вилоятлигини инобатга олган ҳолда, пулли магистрал йўлларда тезлик соатига 50 км.дан 120 км.гача этиб белгиланган. Пулли йўлларда сифатли асфальт ётқизилган, йўлнинг икки четида бегоналарнинг киришидан ҳимояловчи тўсиқлар ўрнатилган, ёритиш устунлари, мотоцикл ва велосипедлар учун алоҳида йўлак (магистрал йўллар улар учун бепул), ҳайдовчиларга техник ёрдам кўрсатиш марказлари мавжуд.

Жаҳонгир САФАРОВ,
ИИВ Ташкилий департаменти бошлиғи ўринбосари – Юридик таъминлаш бошқармаси бошлиғи, юридик фанлар доктори, майор.

Text to speech