ИИБ тарихи
Фарғона вилояти ИИБ (милиция) тарихи
Ўрта Осиё халқлари тарихида аҳоли орасида тартиб-интизомни сақлаб, жиноятчиликка қарши курашувчи “Миршаблар” ва “Миршаббошилар” фаолияти Амир Темур давридан бошланиб, бу тузилма Ўрта Осиё Чор Россияси томонидан босиб олингунга қадар фаолият кўрсатди. 1917 йилга қадар халқ орасида тартиб-интизом айнан миршаблар томонидан назорат қилинган.
Фарғонада ички ишлар органлари фаолиятининг ташкил топиши бевосита Чор Россияси даври билан боғлиқ. Манбааларда келтирилишича, 1917 йилдаги феврал тўнтаришидан сўнг ҳукумат илгари халқ орасида тинчлик ва осойишталикни назорат қилган полиция ва жандармерия хизматидан воз кечади ва унинг вазифасини вақтинча халқ милицияси бажара бошлайди. Жойларда эса ўлка ва уездлар ишчи-деҳқон кўнгилли милицияси ташкил этилади.
Совет ҳокимияти ўрнатилгач, 1917 йил 10 ноябрда ички ишлар бўйича халқ комиссарияти (НКВД) нинг “Ишчилар милицияси” тўғрисидаги қарори қабул қиланади ва бу органнинг фаолияти қонуний кучга киради.
Ўша даврларда Тошпўлат Ўразбоев Фарғона вилоят “Ички-деҳқон милицияси” бошлиғи вазифасида (1925 й), Мўминжон Шокиров Қўқон уезди милициясининг бошлиғи вазифаларида (1919 й) ишлаб, вилоят милициясининг дастлабки раҳбарлари сифатида тарихда қолдилар.
1931 йилгача “Ишчилар милицияси” маҳаллий ҳокимият органи тизимида фаолият кўрсатади. Сўнг маҳаллий халқ комиссариятлари ва 1946 йилда эса собиқ совет давлатининг Ички ишлар вазирлиги тизимига марказлаштирилади. 1956 йилдан 10 ноябрь “Совет милицияси куни” сифатида нишонланиб келинган.
Марказлаштирилган ички ишлар тизими 1991 йилнинг 19 августига қадар фаолият кўрсатди. Ўзбекистон Рспубликаси Президентининг 1991 йил 25 августдаги Фармонига асосан Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг қонуний тасарруфига ўтказилди.
Ҳар қандай даврда ва ҳолатда ҳам милиция мамлакатда тартиб-интизомни сақлайдиган энг ишончли тузилма эди. Бунга тарихдаги кўплаб таҳликали воқелар гувоҳлик беради.
Масалан, 1989 йил 16-18 май кунлари Қувасой шаҳрида ўзбек ва турк миллатига мансуб ёшлар орасида бошланган низо 23 майга келиб катта тўполонга айланиб кетди. 3 июнь куни шу каби воқеалар Тошлоқ туманида, 4 июнда эса Фарғона ва Марғилон шаҳарларида ҳам рўй берди.
Шу кунлари Фарғона вилоятида комендантлик соати жорий этилди. 5 июнга келиб милиция ва ички қўшинларнинг саъй-ҳаракати билан тартибсизлик тўхтатилди. Бироқ вилоятнинг бошқа ҳудудларида, айниқса, Қўқонда тартибсизлик 18 июнга қадар давом этди.
Ушбу тартибсизликларда 1000 дан зиёд одам жабр кўрди. Улардан 110 нафари милиция, 137 нафари ички қўшинлар ходими эди. Эътиборлиси шундаки, мазкур тартибсизликларни тўхтатишда Фарғона милицияси катта жонбозлик кўрсатди.