Кадрлар тайёрлаш бўйича замонавий ва инновацион ёндашувларга йўл очилди
Жорий йилнинг 11—15 октябрь кунлари Пекин шаҳрида Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги вазирлиги университетининг 70 йиллик юбилейи муносабати билан Х Халқаро полиция форуми бўлиб ўтди. Мазкур анжуманда дунёнинг ўттиздан зиёд давлатлари таълим муассасалари вакиллари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси делегацияси ҳам иштирок этди.
Форумни мазкур университет президенти Цао Шицюань кириш сўзи билан очди ва дунёда рўй бераётган глобал ўзгаришлар даврида замонавий таҳдидларга қарши кадрлар тайёрлаш салоҳиятини ошириш ҳамда бу борада ўзаро ҳамкорлик ва тажриба алмашишни йўлга қўйиш зарурлигига эътибор қаратди. Шундан сўнг анжуманга таклиф этилган меҳмонларнинг маърузалари тингланди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси бошлиғи, генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов сўзга чиқар экан, ХХР Жамоат хавфсизлиги вазирлиги университетининг 70 йиллиги билан таълим муассасаси жамоаси ва меҳмонларни самимий қутлади.
– Халқларимиз ўртасидаги яқин алоқалар Буюк ипак йўли давридаёқ бошланган, – деди Б. Матлюбов. – Бугун Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари ўзаро ишонч ҳамда мустаҳкам дўстлик ришталари асосида жадал ривожланиб бормоқда. Айниқса, «Бир макон, бир йўл» лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар таълим соҳасида ҳам ўзининг ижобий самарасини кўрсатмоқда. Бундан бир йил аввал ХХР ЖХВ университети ҳамда Академиямиз ўртасида Меморандум имзоланиб, таълим соҳасида алоқаларни янада кенгайтириш, мутахассисларни ўқитиш, ўзаро талабалар алмашинуви, илмий ва техник ҳамкорлик борасида келишиб олинган эди.
Ушбу ҳамкорлик доирасида Академиямизнинг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари ва курсантлари 2018 йилнинг апрель-май ойларида мазкур университетда малака ошириб қайтишди. Шу йилнинг июль-август ойларида эса хитойлик ҳамкасбларимиз ва талабалар учун таълим муассасамизда бир ойлик ўқув курслари ташкил этилди. Машғулотлар давомида университет вакиллари Ўзбекистоннинг миллий кадрлар тайёрлаш тизими, замонавий тараққиёти, шунингдек, тарихи, урф-одат ва анъаналари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.
Тадбир доирасида форум иштирокчилари учун мамлакатимиз Ички ишлар вазирлиги Академиясида кадрлар тайёрлаш тизими ҳақида маълумот берилди ва махсус видеофильм намойиш этилди. Шунингдек, анжуманда ХХР ЖХВ кадрлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, таълим муассасалари куратори Чен Янчао, Дания полиция университети умумий инсон ресурслари департаменти директори Петер-Крестен Экебьерг ва бошқа йигирмага яқин давлатларнинг вакиллари маъруза қилди. Маърузаларда таълим соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, мутахассис кадрлар тайёрлаш жараёнида инновацион технологиялардан кенг фойдаланиш, таълимнинг замонавий шакл ва усулларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг амалий фаолияти билан мослаштириш, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича долзарб масалалар хусусида тўхталиб ўтилди.
Шу куни таълим муассасалари раҳбарлари яна бир янги лойиҳа – Полиция таълими соҳасида янги халқаро ҳамкорлик форуми ташкил этиш масаласини муҳокама қилдилар. Ушбу форумни ташкил этишдан мақсад таълим ва фан соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиш, жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида юқори малакали полиция кадрларини тайёрлаш, бу борада профессор-ўқитувчилар ва таълим олувчиларнинг малакасини ошириш ҳамда илғор педагогик технологиялар бўйича тажриба алмашишни йўлга қўйишдан иборат. Анжуманда йиғилганларга янги лойиҳанинг мақсад ва вазифалари ҳақида батафсил маълумот берилди ҳамда форум низомининг лойиҳаси муҳокама қилинди.
Мутахассисларнинг фикрича, Полиция таълими соҳасида халқаро ҳамкорлик форуми бугунги интеграция жараёнида муҳим аҳамиятга эга. Чунончи, у полиция таълими соҳасида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларидан келиб чиқиб, «Ўзаро тенглик, ҳамкорлик, ёрдам кўрсатиш ва фойда» тамойили асосида илғор тажрибаларни алмашиш, илмий тадқиқот натижаларини оммалаштириш, бу борада ҳамкорликни янада ривожлантириш, иштирокчи давлатлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва дўстликни мустаҳкамлаш, таълим соҳасида алоқаларни кенгайтириш ҳамда бошқа бир қатор муҳим мақсадларни кўзда тутади. Полиция таълими соҳасида халқаро ҳамкорлик форуми низомига мувофиқ, йиғилишларда маслаҳат йўли билан Форум Президенти, Президент ўринбосарлари, Ижрочи кенгаш ва Форум кузатувчилари сайланади.
Анжуман доирасида ИИВ Академияси бошлиғи, генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов ХХР ЖХВ университети президенти Цао Шицюань билан учрашди. Томонлар икки давлат таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида мулоқот қилдилар. Хусусан, хитойлик мутахассислар томонидан ИИВ Академиясида барпо этилаётган Инновацион таълим фонди лойиҳаси ҳақида ўзаро фикр алмашилди. Айтиш керакки, мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси ҳамда Хитой Халқ Республикаси ҳукуматлари ўртасидаги келишув асосида амалга оширилмоқда. Инновацион таълим фондининг вазифаси Академия тингловчи ва курсантларига тегишли мутахассисликлар бўйича чуқур амалий таълим бериш ва уларда касбга оид, келажакда ўз хизмат вазифаларини муваффақиятли бажаришга имкон берадиган малака ва кўникмани ҳосил қилишдан иборат. Лойиҳага кўра Академияда Ситуацион полигон ҳамда Модуляция ва симуляция марказини ўз ичига оладиган иншоот қурилади.
– Мазкур мажмуада курсантларнинг интеграл, махсус-тактик тайёргарлиги жараёнида жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш соҳасида тайёргарлик кўриш самарадорлигини оширишга, уларда турли экстремал вазиятларни самарали мониторинг қилиш, тегишли объектларда ғайриқонуний ҳаракатларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тадбирларини амалга ошириш давомида мақбул тезкор-хизмат, бошқарув қарорлари қабул қилиш кўникмаларини шакллантиришга ёрдам беради. Муҳими, мажмуа барпо этилгандан сўнг бу ерда ўқув машғулотларини амалиётга яқинлаштирилган шароитларда ўтказиш имкони яратилади. Бу ҳам бўлажак соҳа ходимларининг касбий кўникма ва тайёргарлигини оширишга хизмат қилади, – деди Цао Шицюань.
Таъкидлаш жоизки, анжуман доирасида ИИВ Академияси ҳамда Малайзия, Франция, Қатар, Иордания ва Арманистон делегациялари ўртасида ҳам қатор учрашувлар бўлиб ўтди. Ушбу давлатлар вакиллари мамлакатимиз таълим тизимида рўй бераётган улкан янгиланишлар, хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун кадрлар тайёрлаш тизимига катта қизиқиш билдирдилар.
Бир сўз билан айтганда, уч кун давом этган халқаро форум доирасида ўтказилган учрашувлар, муҳокама марказида бўлган мавзулар ва ўртага ташланган фикр-мулоҳазалар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга йўл очди. Анжуман доирасида эътиборга молик яна бир ташаббус илгари сурилди. Яъни келгуси йилдан бошлаб Халқаро полиция таълими форумини давлатлараро миқёсда ўтказишга келишиб олинди ва анжуман якунида йигирмадан зиёд мамлакатлар таълим муассасаларининг аъзоликка қабул қилиш тўғрисидаги аризалари қабул қилинди.
Жамшид ХОЛОВ,
лейтенант.