3 Феврал 2020 йил 1191

Ака келишиб олайлик!...

Фарғона вилояти. Жорий йилнинг 3 февраль куни Фарғона шаҳридаги Ал-Фарғоний кўчасида хизмат олиб бораётган вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси инспектори шубҳали ҳаракатланган “Damas” русумли автомашинани  тўхтатиб, белгиланган тартибда ўзини таништиради ва  ҳайдовчидан ҳужжатларни тақдим қилишини сўраб, шубҳаси ўринли эканлигига амин бўлади. Чунки автомашина бошқа фуқаронинг номида бўлиб, ҳайдовчининг бирорта ҳужжати, ҳаттоки, ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам бўлмайди.

Шундан сўнг, ходим қонуний тарзда ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириб, автомашинани жарима майдонига жойлаштиради. Аммо ҳайдовчи ЙПХ инспекторига бир миллион сўм миқдорда пулларни пора тариқасида таклиф қилиб, ўзига нисбатан қонуний чора кўрмаслик ҳамда автомашинасини жарима майдонидан чиқариб беришни сўрайди.

ЙПХ ходими эса қасамёдига содиқ қолиб, ҳайдовчининг ноқонуний хатти-ҳаракати устидан раҳбариятга ёзган билдиргисига асосан ўтказилган тезкор тадбир жараёнида, қоидабузар ҳайдовчи пул маблағини ходимга пора тариқасида бераётган вақтда ашёвий далил билан ушланган.

Энди у нафақат автомашинани ҳужжатсиз бошқаргани учун маъмурий тартибда, балки ички ишлар органи ходимига пора беришга урингани учун ҳам жиноий жавобгарликка тортилади.

 

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech