31 Январ 2020 йил 1815

Фарғона шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди

Фарғона шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи, учинчи сектор раҳбари подполковник Ҳаётжон Салиев Фарғона шаҳар халқ қабулхонаси бошлиғи Ғуломжон Бобораҳимов билан бирга Фарғона ихтисослашган санъат мактаби мажлислар залида ёшлар билан учрашув ва очиқ мулоқот ўтказди.

Тадбирда макзур билим юрти ўқувчилари билан бирга, шаҳардаги бошқа ўқув юртларида таҳсил олаётган фаол ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Шунингдек, учрашувда учинчи сектор ишчи гуруҳи аъзолари, шаҳардаги корхона-ташкилот ва муассасалар мутассаддилари ҳам қатнашиб, ёшлардан тушган савол, мурожаат ва муаммоли масалаларни шу ернинг ўзида бартараф этиш бўйича иш олиб бордилар.

Подполковник Ҳаётжон Салиев шаҳарда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтиш билан бирга, ёшлар ўртасида турли салбий иллатларнинг олдини олиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасида бажарилиши зарур бўлган ишлар ҳақида атрофлича сўз юритди.

Шунингдек, у ёшлар томонидан турли масалаларда берилган саволларга очиқ ва самимий руҳда жавоб қайтарди.Мен Фарғона туманида туғилиб ўсганман, ҳозирда Фарғона ихтисослашган санъат мактабининг 2-босқичида ўқийман, – дейди тадбир қатнашчиси Соҳиба Қурбоналиева. – Келажакда ички ишлар органлари соҳасида ишлашни ният қиламан. Бугун Фарғона шаҳар ИИОФМБ бошлиғига шу мавзуда ўзимни қизиқтирган саволарни бериб, атрофлича жавоб олдим. Унинг жавобларидан сўнг соҳага бўлган қизиқиш ва иштиёқим янада кучайиб кетди.

Учрашув якунида Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати томонидан ёшлар тарбияси ва улар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мавзусида тайёрланган “Совурилган вақт” номли видеофильм намойиш этилди.

Фильм ёшлар ва уларнинг устозларида катта тааасурот қолдирди.

Суратларда учрашув жараёни акс этган.

 

 

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech