Фарғонада янгилик: йўл қоидасини бузган ҳайдовчиларга нисбатан чора кўрилмайди
Сарлавҳани кўриб ҳайрон қолишингиз табиий. Гап шундаки, илк бор мамалакатимиз бўйича биргина Фарғона вилоятида тажриба тариқасида “Меҳр” деб номланган лойиҳага 14 февралдан старт берилди.
Бир ҳафта давомида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида енгил қоидабузарликларга йўл ҳаракати хизмати ҳодимлари томонидан ҳайдовчилар жаримага тортилмай, фақатгина огоҳлантириш билан кифояланади. Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад: ҳайдовчи ва йўловчиларнинг йўлларда ҳаракатланиш маданиятини янада юксалтириш, йўл қоидаларига амал қилиш масъулиятини кучайтириш ва бу орқали йўлларда содир бўладиган мудҳиш ҳолатларга барҳам беришдан иборат.
Бугун эрта тонгдан Фарғона вилояти ИИБда ташкил этилган тадбир олди йўриқномада раҳбарият томонидан тадбирни самарали ўтказиш бўйича тегишли топшириқларни олган йўл ҳаракати хизмати инспекторлари ўзларига бириктирилган ҳудудларга йўл олдилар. Ҳафта давомида йўлларда қоидабузарликлар ўрганилиши билан бирга таълим муассасалари, маҳаллалар ва жамоат жойларида фуқаролар билан учрашувлар ташкил этилиб, ҳаракат иштирокчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича профилактик суҳбатлар олиб борилади.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати