9 Май 2023 йил 4772

Хотира ва қадрлаш куни байрами муносабати билан вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Муҳиддин Жўраев хизмат пайтида халок бўлган ходимларнинг оиласидан хабар олди

Инсон хотираси муқаддас ва барҳаётдир. Айниқса, Ватан тинчлиги, эл-юрт осойишталиги йўлида хизмат қилган ва қаҳрамонларча халок бўлган мард ўғлонларнинг ёди ҳеч қачон унутилмайди.

Ўтганларни хотирлаш, яхши амалларини ёд этиш, тирикларни қадрлаш эса халқимизга хос эзгу қадрият саналади.

9 май - Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами арафасида бундай хайрли ишлар янада кенг қулоч ёзмоқда.

Жумладан, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Муҳиддин Жўраев байрам муносабати билан хизмат пайтида халок бўлган ходимларнинг хонадонига бориб, оиласи ва фарзандлари холидан хабар олди.

Марҳум катта лейтенант Хайрулло Саипов вилоят ички ишлар бошқармасида самарали хизмат қилган. Аммо 2006 йил 3 ноябрь куни бевақт ўлим уни орамиздан олиб кетди.

Бошқарма бошлиғи Хайруллонинг яқинлари билан суҳбатлашаркан, унинг касбига садоқатли ходим бўлганини алоҳида эътироф этди. Турмуш ўртоғи ва фарзандига эзгу ниятлар билдирди.

Марҳум капитан Шуҳрат Маҳкамов вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармасида бўлим бошлиғи лавозимида хизмат қилган. 2018 йилда ҳаётдан бевақт кўз юмган терговчининг хотираси ҳамкасблар қалбида барҳаёт сақланади. Бошқарма бошлиғи унинг хонадонига бориб, яқинлари билан самимий суҳбатда бўлди. Ушбу оилага ҳам байрам совғалари топширилди.

Марҳум ходимларнинг яқинлари эса кўрсатилган эҳтиром ва ғамхўрлик учун вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбариятига чексиз миннатдорчилик билдирдилар.

Жойларда бундай саҳоват ва эҳтиром тадбирлари давом этмоқда.

Text to speech