Вилоят ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси томонидан Шохимардонда сайёр хизмат йўлга қўйилди
Фарғона вилояти таркибига кирувчи анклав ва эксклав Сўх тумани Шохимардор, Ёрдон, Чўнғара қишлоқлари аҳолисига сайёр миграция хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилгач, ушбу ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолининг узоғи яқин, мушкуллари осон бўлмоқда.
Жумладан, икки кун давомида Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи ҳамда масъул ходимлари махсус жиҳозланган “Газел” автомашинаси билан Шохимардон қишлоғида аҳолига сайёр хизмат кўрсатдилар.
Сайёр хизмат давомида шохимардонлик фуқароларга ID-карта ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортлари ўз уйларининг олдида туриб расмийлаштириб берилди.
Жумладан, 16 ёшга тўлганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификацияловчи ID-картасини олиш учун мурожаат қилган 22 нафар фуқароларга махсус планшет қурилмаси ёрдамида талабнома шакллантирилди ва ҳужжат шу жойнинг ўзи расмийлаштирилиб берилди.
Бундан ташқари, 27 нафар шохимардонликлар ҳам шу куни хорижга чиқиш биометрик паспортини ўз уйларининг олдида туриб, расмийлаштириш имкониятига эга бўлишди.
– Сайёр хизмат ташкилотчиларига аҳолимиз номидан миннатдорчилик билдираман, – дейди фуқаро Абдумуталиб Абдухошимов. –Илгари бундай юмушларни бажариш ва ҳужжат олиш учун 80 чақирим йўл босиб туман ёки вилоят марказига борардик. Энди эса шундоққина маҳалламизга, уйимизнинг олига келиб, хизмат кўрсатишмоқда. Айниқса, ёши улуғ, нуроний кишилар бу хизматдан ҳурсанд бўлиб, соҳа ходимларини дуо қилишяпти.
Шу ўринда таъкидлаш зарурки, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг соҳага оид фармон ва қарорлари ижросини таъминлашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадида жорий йилнинг ўрган даврида 23 277 нафар фуқароларга Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификацияловчи ID-картаси, шунингдек, 73334 нафар фуқароларга хорижга чиқиш биометрик паспортлари расмийлаштириб берилди.
Бу ҳужжатларнинг муайян қисми айнан сайёр хизматлар жараёнида расмийлаштирилаётгани ғоят аҳамиятлидир.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати