Вилоят ички ишлар бошқармаси ҳузурида жамоатчилик кенгашининг маслаҳат йиғилиши ўтказилди
Барчамизга яхши маълумки, Давлатимиз раҳбарининг “2021 — 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳамда “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари ижроси доирасида, Ички ишлар вазирлигининг тегишли буйруғига асосан Вазирлик ва барча ҳудудий ички ишлар бошқармаларида Жамоатчилик кенгашлари тузилган эди.
Куни кеча Жамоатчилик кенгашлари фаолиятини самарали ташкил этилиш юзасидан видеоконференция ўтказилди.
Анжуманда марказий студиядан туриб Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Азизбек Икрамов, Вазирлик жамоатчилик кенгаши раиси ва аъзолари, ҳудудий студияларда эса вилоят ички ишлар бошқармалари қошидаги кенгаш аъзолари ҳамда соҳавий хизмат раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, ички ишлар органлари фаолиятида қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, соҳа бўйича ижтимоий фикрни ўрганиш ва тизимли мониторинг олиб бориш Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланган.
Шунингдек, ички ишлар органлари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида ижтимоий фикр ва жамият манфаатлари ҳисобга олинишини таъминлаш чораларини кўриш, ички ишлар органлари фаолиятидаги коррупция ҳолатлари бўйича интернет ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хабарларни батафсил ўрганиш ва унинг натижасини кенг жамоатчиликка етказиш ҳам кенгашнинг асосий вазифалари сирасига киради.
Тадбирда Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, подполковник Акбар Юсупов ҳамда бошқарма қошида тузилган жамоатчилик кенгашининг барча аъзолари фаол қатнашиб, ўзаро фикр алмашдилар.
Жамоатчилик кенгаши бу шунчаки қоғоз қоралаш учун тузилгани йўқ, дейилди тадбирда. Кенгаш аъзолари ички ишлар ораганларини халқчил ва профессионал тузилмага айлантиришда бошқарма раҳбариятига ҳар томонлама ёрдам ва маслаҳат беради.
Шу боис кенгаш аъзоларининг ҳуқуқлари ҳамда ваколатларини пухта ўрганиб чиқиш, маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш, тадбирлар режасини тузиш, ҳамкорликда семинар ва давра суҳбатлари, маслаҳат ва муҳокама йиғилишларини мунтазам равишда ташкил этишга келишиб олинди.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати