Ўзбекистон туманида автомашина олиб қочган шахслар қўлга олинди
Ўзбекистон тумани. 04 январь куни тунги соат 01:30 дан 02:30 гача бўлган вақт оралиғида О.С ва С.А.лар бир гуруҳ бўлиб, Тадбиркорлар кўчасида яшовчи М.А.нинг яшаш хонадони олдида қаровсиз қолдирган оқ рангли “Gentra” русумли автомашинасини калит танлаш йўли билан очиб, автомашинани олиб қочиб, Наманган вилоятида яшовчи фуқаронинг яшаш хонадонига олиб бориб, унга ушбу автомашинани жиноий йўл билан қўлга киритганлигини айтмасдан сотиб кетишганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 267-моддаси 2-қисми “б” банди (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, уларга нисбатан суд томонидан "қамоққа олиш" тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг 267-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати