Учкўприк туманида ЙПХнинг махсус автомобилга ўрнатилган тезлик ўлчаш мосламасига зарар етказишга уринган ҳайдовчи 10 сутка муддатга қамоққа олинди
Сўнги вақтларда айрим ҳайдовчи ва йўловчилар томонидан ЙПХ инспекторларининг қонуний талабига бўйсунмаслик, уларнинг хизмат фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатлари учраб турибди.
Ана шундай ҳолатлардан яна бири жорий йилнинг 14 март куни Фарғона вилояти Учкўприк туманида содир бўлди. ЙПХ инспектори туманнинг Жалоер қишлоғи ҳудудида махсус тезлик ўлчаш мосламалари билан жиҳозланган “Nexia” русумли мобилкомплекс автомобилида хизмат олиб бораётган вақтида 27 ёшли ҳайдовчи Ж.Й., ўзининг “Cobalt” автомашинасида радар қурилмасини қасддан тўсиб, инспекторнинг хизмат фаолиятига тўсқинлик қилган.
Бу ҳам етмагандек, ҳайдовчи инспекторни ноқонуний хизмат олиб бораётганликда айблаб, махсус автомобилга ўрнатилган тезлик ўлчаш мосламасига зарар етказишга уринган.
Ҳайдовчининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари тўхтатилиб, ушбу ҳолат бўйича терговга қадар текширув олиб борилди.
Ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар Учкўприк туман Маъмурий суди томонидан қўриб чиқилиб “Cobalt” ҳайдовчиси Ж.Йга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 195-моддасига асосан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.
Ҳурматли фуқаролар!
Ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларимизни унутмайлик. Йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаётган ЙПҲ инспекторлари аслида яқинларимиз саломатлиги, оилаларимиз тинчлиги учун ўз оромларидан кечиб бўлсада хизмат олиб боришмоқда.
Биз уларга қаршилик қилишнинг ўрнига амалий ҳаракатларимиз билан ёрдам берсак мақсадга мувофиқ бўлади.
Огоҳ бўлинг!
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати