Учкўприк туманида хўроз уриштириш учун қиморхона ташкил қилган шахс жавобгарликка тортилди
Учкўприк тумани.20 апрель куни туман ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, Қ.Б ўзига тегишли бўлган Айритом қишлоғи ҳудудида жойлашган молхонасида қимор ва таваккалчиликка асосланган хўрозлар уриши учун махсус жой ташкил этиб, ушбу жойда 2 нафар фуқароларга хўроз уриштириш учун шароит яратиб бериб, ушбу ўйинга томоша қилиш учун келган шахслардан 25.000 сўмдан моддий манфаатдорлик эвазига пул йиғиб, хўроз уриштирган шахслардан ютуқни 25 % миқдорини олишга келишиб ушбу жойда хўроз уриштираётганлиги аниқланган ва икки дона хўроз, 390.000 сўм томошага келган шахслардан йиғиб олинган пуллар далилий ашё тариқасида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Учкўприк тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Қ.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 278-моддаси 1-қисми (қиморхона ташкил этиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган.
Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг 278-моддаси (қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш)да кўрсатилган жиноятни содир этган шахс етти йилгача озодликдан махрум қилиш билан жазоланади.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати