Тошлоқ туманида содир этилган оғир турдаги жиноят вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Муҳиддин Жўраев иштирокида муҳокама қилинди
Тошлоқ туманидаги Фароғат маҳалласида ўтказилган жиноят муҳокамасида содир этилган қотиллик жиноятининг сабаб ва оқибатлари чуқур таҳлил қилинди.
Маълум бўлишича, 2022 йилнинг 25 июнь Катта Фарғона каналининг Қўштепа туманидан оқиб ўтган қисмидан ёши тахминан 30-40 ларда бўлган шахси номаълум эркак кишининг мурдаси топилган.
Тезкор қидирув-сурушитирув тадбирларида аниқланишича, Қўштепа тумани Янгиариқ МФЙда яшовчи М.А исмли фуқаро бир йилдан ортиқ муддат давомида яшаш хонадонига келмаганлиги тўғрисида тезкор маълумот олинган.
Маълум бўлишича, М.А 2022 йилнинг апрель ойида Тошлоқ туманидаги Фароғат маҳалласида яшовчи, ўзи билан ёлланма ишларда бирга ишлаб юрадиган ака-ука Ғ.А ҳамда А.Ғ исмли шахсларларининг хонадонида улар билан бирга спиртлик ичимлик истеъмол қилган.
Кейин ўртада жанжал келиб чиқади. Жанжалда ака-укалардан бири тахта бўлаги билан М.Анинг бош қисмига уриб тан жароҳати етказади. Жабрланувчи эса ҳодиса жойида вафот этади. Гумонланувчилар жиноят изини яшириш мақсадида марҳумнинг оёқ-қўлини боғлаб, катта Фарғона каналига ташлаб юборадилар.
Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Муҳокамада ушбу жиноятнинг юзага келиш сабабларига тўхталган бошқарма бошлиғи, гумонланувчи ва жабрланувчилар яшаган маҳалладаги фаоллар, хусусан, бешлик аъзолари, жамоатчилик вакилларининг лоқайдлигини қаттиқ танқид қилди.
Жабрланувчи турли жойларга яшаб, ишлаб юрган бўлса-да, маҳалла фаоллари уни ишга жойлаб, оилавий муаммосини бартараф қилишмаган.
Профилактик назорат ҳам самарали ташкил этилмаган.
Муҳокама жараёнида оқсоқоллар, маҳалла фаоллари ва масъулларнинг фикрлари ҳам эшитилди.
Келгусида бундай кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш борасида тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Фуқаролар огоҳликка чақирилди.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати