20 Май 2022 йил 366

Таълим муассасалари ва маҳаллаларда кибержиноятлардан огоҳлантирувчи тарғибот тадбирлари ўтказилди

 

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил февраль ойидаги “Интернет тармоғида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази томонидан вилоят ИИБ ва Халқ таълими бошқармаси масъул ходимлари билан ҳамкорликда Фарғона шаҳрида жойлашган 8, 21 ва 41-сонли мактабларнинг 300 нафардан ортиқ юқори синф ўқувчилари, ўқитувчилари ҳамда шаҳар ҳудудидаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг 200 нафарга яқин фаоллари, ёшлар етакчилари иштирокида тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Хусусан, мактаб ўқувчилари учун “Интернет ва ижтимоий тармоқлардан хавфсиз фойдаланиш қоидалари” мавзусида, маҳалла фуқаролари учун “Кибержиноятлар – бугунги кундаги асосий таҳдидлардан бири” мавзусида маъруза қилиниб, зарур маълумотлар етказилди.

Тадбир давомида Ички ишлар вазирлиги масъул ходими С.Б.Садиков томонидан интернетдаги таҳдидларнинг барвақт олдини олиш бўйича тарғибот ишларининг мазмуни ва моҳиятини тушунтириб ўтилди.

Сўзга чиққан масъул ходимлар томонидан бугунги кунда дунё миқёсида таҳдид сифатида эътироф этилаётган кибербуллинг, яъни, интернетдаги зўравонликлар, ҳақоратлаш, тухмат ва бошқа ғаразли мақсадларни амалга оширишга қаратилган ҳаракатларнинг зарарли оқибатлари, ундан ҳимояланиш чоралари, шахсий маълумотларни ошкор қилмаслик масалалари тушунтириб берилди.

“Маҳалламда кибержиноят бўлмайди” шиори остида олиб борилган тарғибот тадбирлари орқали кибержиноятларнинг мамлакатимизда кузатилаётган турлари: шахсий маълумотларни ошкор қилиш, кибертовламачилик, киберфирибгарлик, ахборот тизимларига бузиб кириш, онлайн қимор кабилар тўғрисида маълумот берилиб, уларга қарши курашишда энг самарали бўлган профилактик чора-тадбирлар тўғрисида тегишли тавсиялар айтиб ўтилди.

Айниқса, ИИВ Киберхавфсизлик маркази томонидан ишлаб чиқилган “Кибер-ёрдамчи” тизимининг тақдимоти ўқувчи-ёшларда жуда катта қизиқиш уйғотди.

Ушбу тизим орқали ҳар бир ўқувчи билан бевосита мулоқот ўрнатиш, соҳани такомиллаштиришга оид таклифларни юбориш, кибермаконда содир этилаётган ноқонуний хатти-ҳаракатлардан хабардор бўлиш имконияти мавжудлиги қайд этиб ўтилди.

Text to speech