22 Ноябр 2022 йил 855

Шахсий таркиб билан ишловчи масъул ходимлар 10-сонли тергов ҳибсхонасида бўлдилар

Шахсий таркиб билан бевосита ишлашга масъул бўлган ходимлар ўртасида хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш, коррупцияга қарши курашишда муросасиз бўлиш ҳиссини шакллантириш, хизмат мавқеини суистеъмол қилишларининг олдини олиш борасида тизимли чора-тадбирлар ва тарбиявий ишлар амалга оширилмоқда.

Олиб борилаётган профилактик ишлар самарадорлигини янада ошириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ИИВ раҳбариятининг топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида шахсий таркиб билан ишлашга бевосита масъул бўлган ходимларнинг жазони ижро этиш муассасаларига ташрифи режалаштирилган эди.

Куни кеча Фарғона вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш бошқармаси раҳбарияти ташаббуси билан ана шундай тадбир ташкил этилди.

Шаҳар-туман ИИБ кадрлар билан таъминлаш гуруҳи катта инспектори ва шахсий таркиб билан ишлашга масъул бўлган ходимлар Фарғона шаҳрида жойлашган 10-сонли тергов ҳибсхонасида бўлиб, муассаса фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Ҳибсхона фаолиятини кўздан кечириш ҳамда ўтказилган мулоқотлар жараёни қонун устуворлиги, жиноятга жазо муқарар эканлигини, коррупция ва бошқа салбий иллатларнинг оқибати пушаймонлик ва афсус-надомат билан якун топиши ҳақидаги азалий тушунчаларни яна бир бор ёдга солди.

Тадбир соҳа ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш баробарида, уларни огоҳлик ва ҳушёрликка чақирганлиги билан аҳамиятли бўлди.

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати.

Text to speech