Риштон туманида аёлнинг пластик карта ҳисобидан пул ўғирланди
Риштон тумани.02 март куни М.М исмли аёл ИИБга мурожаат қилиб, унда номаълум шахс тегишли банк томонидан расмийлаштирилган пластик картаси ҳисобига компьютер тизими орқали рухсациз кириб, ноқонуний уланиб олиб, пластик карта ҳисобида бўлган 2.427.000 сўм пулини яширин равишда ўғирлаб, ечиб олганлигини маълум қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Риштон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “б” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни вояга етмаган С.С содир этганлиги аниқланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ҳурматли фуқаролар, ўз мол-мулкингиз, пул маблағларингизни эҳтиёт қилинг! Бу билан ўғирлик жиноятларининг олдини олишга ҳисса қўшган бўласиз.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати