Риштон туман ички ишлар бўлимида пробация гуруҳи ҳисобида жазо ўтаб келаётган назоратдаги шахслар ўртасида қайта жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида давра суҳбати ва сайёр суд йиғилиши ўтказилди
Туман ИИБ ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда жиноят ишлари бўйича Риштон туман суди раиси, туман прокурори ўринбосари, 45 нафар назоратдаги шахслар ҳамда ёшлар иштирок этдилар.
Суд жараёнида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўташ давомида ҳақиқатдан ҳам меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, жазо ўташ тартиб-қоидаларига риоя қилган, тузалиш йўлига ўтган, судлар томонидан ўрнатилган тақиқ ва чекловларга тўлиқ амал қилганлиги учун Риштон тумани ички ишлар бўлими бошлиғининг тақдимномасига асосан турли муддатларга ахлоқ тузатиш ишлари ва озодликни чеклаш жазолари тайинланган 14 нафар шахслар муддатидан олдин шартли равишда озод қилинди.
2 нафар маҳкум эса ўзига тегишли хулоса чиқармай, жазо ўташдан қасдан бўйин товлаб юрганлиги сабабли оғирроқ жазога, яъни, озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди.
Жазодан шартли равишда озод этиш ахлоқан тузалиш йўлига ўтган маҳкумлар учун ишонч билдирилганидир.
Бу эса халқимизга хос кечиримлилик ва бағрикенглик каби азалий қадриятларининг амалий ифодаси сифатида ушбу шахсларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига, оила аъзолари, фарзандлари, шунингдек, эл-юрт тараққиёти учун муносиб ҳисса қўшишларига яна бир имкон яратади.
Таъкидлаш жоизки, ўтказилган тадбир давомида жазодан шартли равишда озод этилган шахслар ишонч ва берилган имконият учун миннатдорчилик билдириб, келгусида ҳалол меҳнат қилишга, жиноят кўчасидан узоқроқ юришга ваъда бердилар.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати