7 Феврал 2023 йил 918

РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Интернет ижтимоий тармоқларида тарқалган “Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги деҳқон бозорида жанжал”, “Журналистларга босим бўлмоқда” номли хабарлар Фарғона вилояти ИИБ томонидан ўрганиб чиқилди.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 27 январь куни “DalilUz” электрон ахборот сайтининг Фарғона вилояти мухбири Д.Р томонидан туман марказидаги деҳқон бозорида журналистик суриштирув олиб бориш жараёнида, шу ерда савдо билан шуғулланувчи фуқаролар томонидан мухбирнинг ҳаракатларидан норозилик пайдо бўлиб, ўзаро жанжал келиб чиққан.

Мазкур ҳолат туман ИИБ томонидан тегишли тартибда рўйхатга олиниб, терговга қадар текширув якунига кўра, ИИО ходимининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаган “DalilUz” электрон ахборот сайти мухбири Д.Р., фуқаролар С.Х ва И.И.ларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183, 194-моддалари тартибида, шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатган фуқаро Т.Ғ.га нисбатан 202 прим 2-моддаси билан, шунингдек, фуқаролар М.Ҳ (видеомурожаатдаги аёл) ҳамда И.Ғ.ларга эса 183, 202 прим 2-моддалари тартибида ҳужжатлар расмийлаштирилиб, жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман судига юборилган.

Суд “DalilUz” электрон ахборот сайти мухбири Д.Р., фуқаролар, С.Х., М.Ҳ., И.Ғ  ва И.И.ларга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ, фуқаро Т.Ғ.га нисбатан БХМнинг 10 баробари миқдорида жарима жазоларини тайинлаган.

Шу ўринда, Фарғона вилоят ИИБ журналист ва блогерлар учун ҳамиша ҳолислик ва очиқликка тайёр эканлигини маълум қилиб, ўз фаолиятларини қонунчиликка риоя қилган ҳолда олиб боришларини сўраймиз.

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech