РАСМИЙ МУНОСАБАТ
Интернет ижтимоий тармоқларида тарқалган риштонлик аёлнинг “Болам ҳам калтак ейди, ҳам жарима тўлайдими” мазмунидаги мурожаати Фарғона вилояти ИИБ томонидан ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 24 март куни соат 00:05ларда Риштон туман Шокир ота кўчасида ҳуқуқбузарлар С.К ва А.Э (мурожаатчи аёлнинг ўғли) жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, фуқароларнинг тинчлигини бузиб, бақир-чақир қилишиб, ўз навбатида Н.И жамоат жойида спиртли ичимлик ичиб, ҳуқуқбузар А.Э ни уятли сўзлар билан сўкиб, майда безорилик содир этишган.
Мазкур ҳолат юзасидан Риштон туман ИИБ томонидан тақдим этилган ҳужжатлар 28.04.2022 йил куни жиноят ишлари бўйича Риштон туман судида кўриб чиқилиб, ҳуқуқбузарлар А.Э, Н.И ва С.К ларнинг содир этган ҳаракати ўзларининг суддаги кўрсатмалари, айбига иқрор бўлиб ёзган тушунтириш хатлари ва ишдаги бошқа далиллар билан тўлиқ ўз тасдиғини топган.
Суд ҳуқуқбузар С.Қ ҳамда А.Э га Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси тартибида, Н.И га нисбатан ушбу кодекснинг 183, 187-моддалари билан жарима жазоси тайинланган.
Мурожаатчига шуни маълум қиламизки, суд қарорида норози тараф белгиланган тартибда юқори турувчи судга шикоят қилиш ҳуқуқи борлиги кўрсатиб ўтилган.
Фуқароларимиздан эса, юқоридаги каби ҳолатларга расмий муносабат билдирилмасдан туриб, ноўрин хулосага бормасликларини сўраб қоламиз.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати.