10 Май 2023 йил 1390

РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Интернет ижтимоий тармоқларида тарқалган “Ваҳшийларча калтакланган аёл тақдирига эътибор қаратишларини сўраймиз” сарлавҳали видеохабар Фарғона вилояти ИИБ томонидан ўрганиб чиқилди
 
Маълум бўлишича, 2023 йил 7 май куни Қўқон шаҳар Аҳиллик кўчасида яшовчи фуқаро М.О турмуш ўртоғи Г.С. ни бошқа бир эркакдан рашк қилиб, у билан яқин муносабатда бўлганлигини тан олишини сўраган. Г.С бошқа эркак билан гаплашмаганлигини билдиришига қарамасдан, М.О унинг танасини турли жойларига уриб тан жароҳати етказган. Натижада фуқаро Г.С шаҳар тез-тиббий ёрдам кўрсатиш марказига мурожаат қилган.
 
Мазкур ҳолат Қўқон шаҳар ИИБ томонидан тегишли тартибда рўйхатга олиниб, судга оид тиббий экспертиза тайинланган. Дастлабки экспертиза  маълумотномасида фуқаро Г.С.да “ўнг кўз атроф қовоқ, чакка, яноқ, чап кўз атроф қовоқ яноқ, бўйин ўнг ён юзасидан ўнг чакка суяк соҳаларда, кўкрак қафаси орқа юзаларида, ўнг ва чап болдирида катта ҳажмдаги қон талашлари бўлиб, “енгил” тан жароҳатлари тоифасига киришлиги” ташҳиси қўйилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан фуқаро М.О. га нисбатан 10.05.2023 йил куни Жиноят кодексининг 126 прим 1-моддаси 3-қисми яъни, оилавий зўравонлик билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фуқароларимиздан интернет ижтимоий тармоқларида тарқалаётган хабарларга расмий муносабат билдирилмасдан туриб, турли ноўрин хулосаларга бормасликларини сўраб қоламиз.
 
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech