Расмий муносабат
Интернет ижтимоий тармоқларида тарқалган Марғилон шаҳар ИИБ томонидан шаҳарда ақлли камералар ўрнатиш учун “Опен бюджет”дан ютиб олинган 500 миллион сўм қаердалиги ҳақидаги хабар Фарғона вилояти ИИБ томонидан ўрганиб чиқилди.
Маълум бўлишича, Марғилон шаҳрида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида “Опен бюджет”нинг 2022 йилги 2 мавсумида Марғилон шаҳридаги барча кўчаларга аклли видеокузатув камералари ўрнатиш бўйича таклиф киритилган ва фуқаролар томонидан 3 517 та овоз тўплаган ҳолда ғолиб деб топилган.
Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун Марғилон шаҳар ҳокимлиги буюртмачи этиб белгиланиб, ҳокимликда ҳисоб рақам очилиб, “Ташаббусли бюджет” жамғармасидан 500 млн. сўм маблағ ажратилган. Электрон порталда ғолиб бўлган ЯТТ билан 2022 йил 17 ноябрда кўзда тутилган ишларни бажариш учун шартнома имзоланиб, маблағ унинг ҳисоб рақамига ўтказилган.
Ушбу маблағ ҳисобидан жами 11 та ақлли камералар, 16 км масофа учун кабел ҳамда қўшимча жиҳозлар харид қилинган. Ҳозирги кунга қадар кузатув камералари учун 7 км масофада тармоқ тортиш ишлари амалга оширилган ва бу жараён давом этмоқда.
Келтирилган жиҳозлар Марғилон шаҳар ИИБда сақланмоқда.
Шу ўринда фуқароларимиздан ижтимоий тармоқларда тарқалаётган юқоридаги каби хабарларга расмий муносабат билдирилмасдан туриб, ноўрин хулосага бормасликларини, журналист ва блоггерлардан тарқатилаётган маълумотларни ҳар томонлама ўрганиб, холисликни таъминлаган ҳолда тақдим қилишларини сўраб қоламиз.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати