РАСМИЙ МУНОСАБАТ
Интернет ижтимоий тармоқларида тарқалган Фарғонада ИИБ биноларининг аукцион орқали сотилаётганлиги ҳақидаги хабар Фарғона вилояти ИИБ томонидан ўрганиб чиқилди.
Ушбу ҳабар ва унда келтирилган маълумотларга ойдинлик киритиш учун “Facebook” ижтимоий тармоғига мазкур хабарни жойлаштирган блогер Элёрбек Тожибоев билан телефон орқали боғланганимизда “молиянинг ходими” қанақадир ҳужжатларни расмийлаштириб, аукционга қўйиб, Тошлоқ туманидаги ИИБ биносининг ичидаги фуқароларни қабул қилиш хонаси ҳамда Фарғона шаҳар ИИО ФМБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига қарашли касса биносини ҳам ана шундай тартибда сотиб юборилганлигини билдирди.
Ҳолат ўрганилганда Тошлоқ туман ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими маъмурий биноси ичида (фуқароларни қабул қилиш ҳонасидан ташқари) бўш турган 12 метр квадрат майдонга эга хона Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари талабларидан келиб чиқиб, вилоят ИИБ Молия ва моддий техника таъминоти бошқармасининг алоқа хати орқали тегишли ташкилотга юборилиб, тадбиркорларга ижарага берилиши маълум қилинган.
Шундан сўнг “E-auksion” электрон платформаси орқали 2022 йил 29 сентябрь куни ўтказилган электрон-онлайн аукцион савдосида ғолиб чиққан тадбиркорга ушбу хона ижарага берилган.
Фарғона шаҳар ИИО ФМБ МваФРБга қарашли касса биноси ҳам 2021 йилда юқоридаги каби тартибда тадбиркорга ижара аосида топширилган.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамаси қарорида аукцион жараёнига инсон омили аралашмасдан, онлайн шаклланиши белгилаб қўйилган.
Элёрбек Тожибоев билан суҳбат жараёнида у “молия” деб эътироф этаётган шахс ва ташкилот фуқаролик ташкилоти эмаслиги, вилоят ИИБ Молия ва моддий техника таъминоти бошқармаси эканлиги, тушунтирилди.
Шу ўринда, айрим журналист ва блогерларимизга эслатиб ўтмоқчимиз. Шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни оммавий ахборот воситалари, жумладан, интернет тармоқларида тарқатганлик учун маъмурий ҳамда жиноят кодексларида жавобгарлик белгилаб қўйилган.
Фуқароларимиздан ижтимоий тармоқларда асосланмаган маълумотлар тарқатилганда, расмий муносабат билдирилмасдан туриб ноўрин хулосага бормасликларини сўраб қоламиз.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати