Расмий муносабат
Интернет ижтимоий тармоқларида тарқалган бир гуруҳ шахсларнинг такси ҳайдовчиларидан ноқонуний равишда пул ундираётганлиги, йўлда юриш учун ҳайдовчилардан тўлов талаб қилаётганлиги ва зўровонлик оқибатида пичоқбозлик бўлганлиги ҳақидаги хабар Фарғона вилояти ИИБ томонидан ўрганиб чиқилди.
Маълум бўлишича, 26.03.2023 йил куни “Фарғона автотранспорт плюс” МЧЖ иш бошқарувчиси, Р.Т марказий деҳқон бозори автотураргоҳида “Фарғона – Қувасой” йўналишида қатоновчи Ш.Қ билан ўзаро жанжаллашиб, жанжал давомида Р.Т ошхона пичоғи билан Ш.Қ.нинг оёқ соҳасига (тешиб саёз санчилган) тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат бўйича шу куннинг ўзида Фарғона шаҳар ИИО ФМБ томонидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тергов бўлими томонидан Р.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми “М” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, "қамоққа олиш" тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Шунингдек, "Қувасой-Фарғона" йўналишида киракашлик билан шуғулланувчи Ж.М жорий йилнинг 1 апрель куни 102 рақамига ариза билан мурожаат килиб, Муян МФЙ ҳудудида "А" лақабли шахс унинг юз қисмига қўли билан уриб, тан жароҳати етказганлигини билдирган.
Ҳолат юзасидан Қувасой шаҳар ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, суд тиббий экспертизасининг хулосаси асосида фуқаро “А” га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41, 52-моддаси 2-қисми билан маъмурий тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суд органига тақдим қилинган.
Мурожаат муаллифига мазкур вазиятда ИИО ходимининг ҳаракатларидан норози бўлган тақдирда юқори турувчи органларга мурожаат қилиши мумкинлигини эслатиб ўтамиз.
Шу ўринда фуқароларимиздан юқоридаги каби хабарларга расмий муносабат билдирилмасдан туриб, ноўрин хулоса қилмасликларини, ҳар қандай қонунбузилиш ҳолатларига дуч келинганда бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот органларига хабар беришларини сўраб қоламиз.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати