РАСМИЙ БАЁНОТ
Интернет ижтимоий тармоқларида тарқалган “Учкўприк туманидаги боғча ҳудудида туман бўлими мудирасининг ўғли 11-МТТнинг собиқ мудираси ва синглисини чопиб ташламоқчи бўлди” сарлавҳали видеохабар тарқалди.
Мазкур ҳабар Фарғона вилояти ИИБ томонидан ўрганилганда қуйидагилар маълум бўлди.
Жорий йилнинг 28 апрель куни Учкўприк тумани Милтиқчи қишлоғида жойлашган 11-мактабгача таълим муассасасига янги мудира тайинланганлиги сабабли таништирув жараёнида собиқ МТТ мудираси М.А унинг онаси М.Қ ва синглиси Қ.М ва туман МТТ бошлиғи Г.Х ўрталарида жанжал келиб чиқиб, М.Қ, Г.Х га тан жароҳати етказган.
Мазкур жанжалга Г.Х нинг ўғли А.Х аралашиб, М.Қ, М.А ва Қ.М лар билан жанжаллашиб, автомашинаси юкхонасида бўлган чопқи (дасткалла) билан онасини яна безовта қилишса, шу билан чопиб ташлашлигини билдириб, таҳдид қилган.
Ҳолат шу куннинг ўзида туман ИИБ томонидан ўрганилиб, бирламчи ҳужжатлар расмийлаштирилган ва томонларнинг жароҳатлари юзасидан судга оид тиббий экспертиза тайинланган.
Ўтказилган судга оид тиббий экспертизанинг хулосаларида фуқаро Г.Х ва А.Х (эркак)лар ЕНГИЛ, М.Қ соғлигини бузулишига олиб келган ЕНГИЛ шкастлар олганлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан Учкўприк тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан фуқаро Қ.М га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми (безорилик) билан, фуқаро А.Х га нисбатан 109-моддаси 2-қисми (қастдан баданга енгил шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари ўтказишга киришилган.
Тергов якунига кўра ишга алоқадор бўлган барча шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.
Шу ўринда, ҳурматли блогер ва журналистларимиздан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан юқоридаги каби ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилмасдан ҳамда якуний қарор қабул қилинмасдан туриб, ноўрин хулоса қилмасликларини сўраб қоламиз. Шунингдек, қонунларимиздан ёлғон ва асосланмаган маълумотларни оммага тарқатганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланганлигини эслатиб ўтамиз.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати