21 Июн 2022 йил 2019

РАСМИЙ БАЁНОТ

Интернет ижтимоий тармоқлари орқали тарқалган “ГАИ ни айтишича бир қизчага йўл бермагани учун шунча ваҳима. Ҳайдовчини айтишича Началник ГАИ ни қувиб ўтгани учун шунча ваҳима” сарлавҳали видеохабар Фарғона вилояти ИИБ томонидан ўрганиб чиқилди.

Маълум бўлишича, 2022 йил 15 февраль куни Қува тумани ИИБ ЙҲХГ катта инспектори Х.Ш ва ЙПХ катта инспектори М.А лар туманнинг Ғалаба кўчасида “Нексия-2” автомобиль ҳайдовчиси йўлнинг қатнов қисмини кесиб ўтаётган пиёда ҳамда бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатига раҳна солган ҳолатда ҳаракатланганлигини кўриб, унинг ортидан бориб тўхташ ишораси орқали тўхтатганлар.

Ҳайдовчи М.Т га содир этган қоидабузарлигини тушунтириб, тегишли ҳужжатларини тақдим этишини сўралган вақтида, ҳужжатларни тақдим этмасдан, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармаган. Шундан сўнг М.Т га нисбатан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги юзасидан электрон баённома расмийлаштирилиб, транспорт воситаси Қува туманидаги жарима майдончасига олиб кирилган.

Ҳайдовчи М.Т жарима майдончаси олдида ички ишлар органларининг қонуний талабларини бажармасдан, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатларини содир этишда давом этганлиги учун, профилактика инспекторлари томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-194-моддалари тартибида баённома расмийлаштирилган.
Бундан ташқари, М.Т (видеохабарда келтирилганидек) гўёки, йўл ҳаракати қоидасини бузганлик учун тайинланган жарима қийматини тўлашга имконияти бўлмаганлигидан аччиқланиб, ўз яшаш хонадонида устидан бензин қуйиб, ёқиб юбориб, ўз жонига суиқасд қилганлиги айтилган. Лекин алоқадор ходимларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан ўтказилган хизмат текшируви давомида “Нексия-2” русумли автомобил жарима майдонига асосли жойлаштирилгани, тузилган маъмурий баённомалар асосли эканлиги келтириб ўтилган.

Ўтказилган хизмат текшируви хулосасининг нусхаси ва тўпланган ҳужжатлар 10.03.2022 йилда хукукий баҳо бериш учун Қува тумани прокуратурасига юборилган.

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech