РАСМИЙ БАЁНОТ
Ижтимоий тармоқларда “Фарғонада Боди камераси йўқ, жезл кўтариб олган ППХ ходими ҳайдовчи билан мулоқотга кирди” изоҳли видеохабар тарқалди.
Видеохабарда ҳайдовчи томонидан Патруль-пост хизмати ходими “Боди Камера”дан фойдаланмасдан мулоқотга киришганлиги учун эътироз билдирилганлиги акс эттирилган.
Аниқланишича, Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг тегишли Фармойишига асосан ведеохабардаги Ички ишлар органларининг Патруль-пост хизмати ходими Йўл-ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ихтиёрига хизмат фаолиятини давом эттириш учун вақтинчалик ўтказилган бўлиб, зиммасига Йўл-патруль хизмати инспекторлари билан биргаликда хизмат олиб борган ҳолда йўл-ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда кўмаклашиш ва бошқа бир қатор вазифалар юклатилган.
Видеохабарда акс эттирилган ҳолатда ички ишлар органи ходими зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида транспорт воситаси билан боғлиқ белгиланган муддат ичида бартараф этилмаган қарздорлик мавжуд ёки мавжуд эмаслигини текшириш мақсадида ҳайдовчи билан суҳбат олиб борган.
Видеохабарда келтирилган ҳолат юзасидан ҳозирда Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан хизмат текшируви тайинланган бўлиб, якунига кўра, ҳар бир ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.
Шу ўринда эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 975-сонли қарорига асосан ҳозирда вилоят ҳудудида фақатгина Йўл-патруль хизмати инспекторлари махсус “Боди камера”лар билан таъминланган ҳолда хизмат олиб боришмоқда.
Шу билан бирга, амалдаги йўл ҳаракати қоидаларининг 7-бандига кўра, механик транспорт воситасининг ҳайдовчиси Ички ишлар органлари ходимининг талабига кўра, текшириш учун тегишли ҳужжатларни тақдим этиши шартлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати