Расмий муносабат
Интернетдаги Kun.uz нашри орқали тарқатилган "Ресторандаги “маска-шоу” Фарғонанинг амалдорлари у ерда нима қиляпти?" сарлавҳали хабар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Ҳақиқатдан ҳам 2023 йилнинг сентябрь ойида Фарғона шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар осойишталигини таъминлаш мақсадида вилоятдаги ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари бошчилигида ўтказилган тунги рейд тадбирлари доирасида муқаддам бир нечта жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этилган, ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ҳаракатлар рўй берганлиги учун аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган Ш. Абдуғаниевга қарашли "Green club" ресторанининг тунги пайтда белгиланган вақт орасида ишлаши кўздан кечирилиб, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Бу масаланинг бир томони. Бироқ фуқароларнинг фирибгарлик жинояти қурбони сифатида Ш.Абдуғаниев устидан қилган мурожаатлари юзасидан қўзғатилган жиноят иши ўрганилганда эса фуқаро Б.Ш.нинг 23 500 АҚШ доллари, Б.Б.нинг 32 000 АҚШ доллари, С.Б. нинг 26 000 АҚШ доллар, С.З. нинг 16 500 АҚШ доллари каби жами 11 та ҳолатда уларнинг пулларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб, ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборганлиги аниқланган.
Бундан кўринадики, фуқаро Ш.Абдуғаниев ўз айбини яшириш, жамоатчиликка жабрдийда бўлиб кўриниш, чалғитиш ва терговга таъсир ўтказиш мақсадида юқоридаги нашрга мурожаат қилган.
Ҳақиқатдан ҳам Ш.Абдуғаниев айбсиз бўлса, нега ундан ҳуқуқ-тартибот органларидан яшириниб юрибди. Нега унинг устидан 11 нафар шахс бузилган ҳуқуқларини тиклаш, қонун устуворлигини таъминланишини истаб ариза ёзган. Жамоатчиликни айни ҳолатларга ҳам диққат қаратишларини сўраймиз.
Ҳозирда фуқаро Ш.Абдуғаниевга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган ҳолда қидирув эълон қилинган.
Ҳурматли фуқаролар сиз ҳам Абдуғаниев Шерзод Адхамжон ўғлидан жабрланган бўлсангиз яқин орадаги ИИО га ёки 102 рақамига мурожаат қилинг.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати