23 Июн 2023 йил 1893

Расмий муносабат

Интернет ижтимоий тармоқларида тарқалган Қўқон бозорида самосуд бўлганлиги ҳақидаги видеохабар Фарғона вилояти ИИБ томонидан ўрганиб чиқилди.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 21 июнь куни Қўқон шаҳридаги кийим кечак бозори ҳудудида жойлашган "Саларан" номли савдо дўкони иш бошқарувчиси 1990 й.т. З.Ж. (аёл) мазкур дўкон рўпарасида савдо билан шуғулланаётган, эр-хотин 1982 й.т. И.К. ва 1988 й.т. М.А.ларга, дўкон олдида савдо қилмасликларини айтиб, бир-бирларини хақорат қилишлари натижасида ўрталарида жанжал келиб чиққан. Мазкур тартиббузарликка шу ерда бўлган ҳар икки тарафнинг қариндошлари ҳам қўшилган (видеотасвирда акс этган ҳолат).

Шунингдек, эртаси 22 июнь куни, "Саларан" савдо дўкони раҳбари 1989 й.т М.И. ва унинг икки нафар шериклари С.Ж. ва Х.П.лар дўкон олдида болалар кийими савдоси билан шуғулланаётган фуқаро 1976 й.т. Н.А. (аёл) ва унинг вояга етмаган ўғли 2009 й.т. М.А.ни, дўконга кирувчи харидорларни йўлини тўсиб қўйганлигини важ қилиб, жанжал уюштиришган ҳамда вояга етмаган М.А.га тан жароҳатлари етказишган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-модда 2-қисми "б" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тартиббузарликка алоқадор барча фуқароларнинг шахслари аниқланган ва терговга жалб этилганлар, шунингдек вояга етмаган М.А.га нисбатан етказилган тан жароҳатлари юзасидан судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган.

Ушбу каби ҳуқуқбузарликларни такрорланишини олдини олиш мақсадида, Қўқон шаҳар хокимлиги, бозор маъмурияти ҳамда шаҳар ИИБнинг масъул ходимлари томонидан бозор ҳудудидаги дўконлар ҳамда вақтинчалик ёйма савдо расталарида савдо фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар орасида профилактик тушунтириш ишлари ўтказилди.

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech