Қўқон шаҳрининг “Бўстон” маҳалласида вояга етмаганлар томонидан содир этилган оғир турдаги жиноят вилоят ИИБ бошлиғи ҳамда шаҳар фаоллари иштирокида муҳокама қилинди
Ҳуқуқ-тартибот органлари мутасадди раҳбарлари, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи, ёшлар ишлари агентлиги масъуллари, Қўқон шаҳар ҳокими, шаҳар фаоллари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этган мазкур йиғилишда вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Муҳиддин Жўраев сўзга чиқиб, вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг сабабларини чуқур таҳлил қилиб берди.
Таъкидланганидек, айрим ёшлар оиладаги тарбиянинг етарли эмаслиги, атрофдаги эътиборсизлик ва назоратсизлик ортидан пичоқ ва бошқа совуқ қуроллар кўтариб юришни одат қилишган.
Бўстон маҳаллласида содир этилган тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноятга ҳам ана шундай лоқайдлик сабаб бўлгани ҳеч кимга сир эмас.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 28 феврал куни Бўстон маҳалласи Алишер Навоий мавзесидаги 27-уй олдида шу шаҳарда яшовчи 2007 ва 2008 йилда туғилган икки нафар ўспиринлар ўртасидаўзрао тортишув ва жанжал юз беради.
Жанжал давомида вояга етмаганлардан бири ёнида бўлган пичоқ билан иккинчисига тан жароҳати етказган. Натижада тан жароҳати олган йигит шаҳардаги шошилинч тез тиббий ёрдам марказига олиб бориб, ётқизилган.
Бошқарма бошлиғи ушбу жиноятнинг содир этилишига ҳудуд профилактика инспектори, маҳалла фуқаролар йиғини раиси, хотин қизлар фаоли, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчилари ҳамда мутасадди раҳбарларнинг лоқайдлиги сабаб бўлганини таъкидлаб, келгусида бундай салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган профилактик чора-тадбирларни
белгилаб берди.
Хусусан, ёшлар ўртасида назоратни янада кучайтириш, нуронийлар ва мутасадди раҳбарлар иштирокида таълим муассасаларида, маҳаллаларда ҳуқуқий тарғибот ва тарбиявий ишларни олиб бориш, ҳудудга замонавий видео кузатув мосламаларини ўрнатиш лозимлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, йиғилишда Қўқон шаҳар ҳокими ҳамда жамоатчилик вакиллари ҳам сўзга чиқиб, кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилдилар.
Йиғилиш якунида келгусида оғир турдаги жиноятлар содир этилишига йўл қўйган, жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олмаган мутасадди раҳбарларга интизомий чоралар кўрилиши тўғрисида огоҳлантирилди.
Ички ишлар органлари, маҳалла фаоллари ҳамда таълим соҳаси вакиллари ўртасида ҳамкорликда бажариладиган ишлар келишиб олинди.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати