Қўқон шаҳрида автомашиналардан ўғирлик жиноятини содир қилган шахс ушланди
Аввалроқ, “Телеграм” ижтимоий тармоғида “Қўқон шаҳрининг “Воҳим Чорсу” махалласида 4 кун ичида 3 та автомобилга ўғирликка тушилган”лиги тўғрисида видеохабар тарқалган эди.
Аниқланишича, жорий йилнинг декабрь ойида номаълум шахс шаҳарнинг 45-А.Зохидий, 39-Оқ Олтин ва 5-Вақф Чорсу МФЙларида тунги вақтларда қаровсиз қолдирилган автомашиналарда бўлган қимматбаҳо буюмларни яширин равишда талон-тарож қилиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Жумладан, 6 декабрдан 7 декабрга ўтар кечаси Тўйхона кўчасида фуқаро У.М.нинг қаровсиз қолдирилган “Damas” русумли автомашинасидан 9.700.000 сўм пулларини, 7 декабрь куни шаҳарнинг Армуғон кўчасида фуқаро Ф.Т.га тегишли “Damas” русумли автомашинаси салонидан 1.000.000 сўм миқдордаги пулларини, 24 декабрдан 25 декабрга ўтар кечаси шаҳарнинг Ат-Термизий МФЙ.да фуқаро М.А. га тегишли “Матиз” русумли автомашина ичидан нархи 500 АҚШ долларилик “Iphone 12 pro”, 300 АҚШ долларлик “Lenovo” русумли ноутбук ҳамда 130 АҚШ долларлик “Iwatch” номли қўл соати, фуқаролик паспорти ва ҳайдовчилик гувоҳномасини яширин равишда талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Бундан ташқари, 25 декабрь куни ҳам номаълум шахс томонидан шаҳарнинг Барҳаёт кўчасида фуқаро А.Д.га тегишли “Nexia 3” русумли автомашина эшиги очилиб, қимматбаҳо буюмлар топа олмаганлиги сабабли, ҳеч нарса олмасдан воқеа жойидан яширинганлиги аниқланган.
Қўқон шаҳар ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида юқорида кўрсатиб ўтилган жиноятлар Қўқон шаҳар Парпашабоф кўчасида яшовчи фуқаро А.Ҳ. томонидан содир этилганлиги аниқланиб, жиноятга алоқадор ашёвий далиллар ҳужжатлаштириб олинган. Мазкур холат юзасидан тергов бўлими томонидан қўзғатилган жиноят иши бўйича А.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми билан айблов эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати