Пул ва қимматбаҳо тақинчоқларни ўғирлаган аёл қўлга тушди
Фарғона тумани. Марказ МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро Б.О ИИБга мурожаат қилиб, унда 2022 йилнинг 04 апрель кунидан 05 апрель кунига ўтар кечаси номаълум шахс яшаш хонадонига кириб, ётоқхонадаги жавон ичидан 14.680.000 сўм, 2.650 АҚШ доллари ҳамда 10.000.000 сўмлик тилло-тақинчоқларни яширин равишда ўғирлаб, воқеа жойидан яширинганини маълум қилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Фарғона туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят Кодексининг 169-модда 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Туман ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни шу маҳаллада яшовчи С.Ш исмли аёл содир этганлиги аниқланиб, пул ҳамда тилло-тақинчоқлар далилий ашё тариқасида олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Ҳурматли фуқаролар, ўз мол-мулкингиз, пул маблағларингизни эҳтиёт қилинг! Бу билан ўғирлик жиноятларининг олдини олишга ҳисса қўшган бўласиз.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати.