18 Ноябр 2022 йил 391

Пробация ҳисобидаги шахслар бепул тиббий кўрикдан ўтказилмоқда

Пробация хизмати ҳисобида туриб жазо ўтаётган шахсларни нафақат назорат қилиш, балки уларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш, бандлигини таъминлаш, ўқишга ва ишга жойлаштириш, ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Риштон тумани ИИБ Пробация гуруҳи, туман прокуратураси ва тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида пробация ҳисобида жазо ўтаётган назоратдаги шахслар учун бепул чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.

Кўрикда 58 нафар назоратдаги шахслар иштирок этиб, туман тиббиёт бирлашмасининг невропатолог, кардиолог, лор, офтальмолог, терапевт, жарроҳ, нарколог каби тор доирадаги мутахассислари томонидан умумий тиббий текширувдан ўтказилди.

Бувайда туманида ҳам ҳамкорликда худди шундай чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди. Унда пробация ҳисобида турган 28 нафар назортадаги шахслар иштирок этиб, малакали шифокорлардан тиббий маслаҳат ва тавсиялар олдилар. Бундан ташқари, “Ёшлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш” мавзусида давра суҳбати ҳамда меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил қилинди.

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech