Шоҳидамас баргида юрмоқчи бўлган “ишбилармон” нинг ҳийласи иш бермади
Дунёнинг ишлари қизиқ.Айрим кимсалар моддий манфаат илинжида турли ҳийлаларни ўйлаб топадилар. Виждон амрига бўйсунмай, ёлғон гапиришдан, ёлғон хабар беришдан ҳам тап тортишмайди.
Жорий йилнинг 18 март куни Тошкент шаҳрида яшовчи Ш.Н. Бағдод тумани ИИБга мурожаат қилиб, 17 март куни соат 23:50 ларда “Ласетти” русумли автомашинада Марғилон шаҳридан Тошкент шаҳрига кетаётган вақтида орқасидан келган “Нексия-2” русумли автомашина ҳайдовчиси унинг йўлини тўсиб тўхтатиб, автомашинадан 2 нафар шахслар тушиб, унга тан жарохати етказиб, чўнтагида бўлган 4.000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини талон-торож қилишганини билдирган.
Воқеанинг қизиқ тарафи шундаки, олиб борилган терговга қадар текширув давомида Ш.Н Марғилон шаҳрида яшовчи фуқародан 4.000 АҚШ доллари пулларини Тошкент шахрига етказиб бериш учун олиб, ўша пулларни ўзлаштириш мақсадида таниши О.Б. га бериб юбориб, ўзининг юзига ўзи тош билан жароҳат етказиб, унга нисбатан номаълум шахслар томонидан жиноятлар таснифига кўра оғир турдаги босқинчилик жиноятини содир этганлиги ҳақида ёлғон хабар берганлиги аниқланган.
Бағдод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ш.Ннинг ўзига нисбатан Жиноят кодексининг 237-моддаси 2-қисми «а,б» бандлари (Ёлғон ҳабар бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, Жиноят просецуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.
Энди Ш.Н ёлғон хабар берганлиги учун қонун олдида жавоб беришга мажбур.
Халқимизда “қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан сўнг ҳам чиқади” деган нақл бор. Айрим фуқаролар юқоридаги нақлни эсдан чиқарган кўринади. Ўз хатти-ҳаракати билан Ички ишлар органларини чалғитиб, ғаразли ниятини амалга оширмоқчи бўлганлар адашади. Ўз касбини устаси бўлган ходимлар албатта ҳақиқатни юзага чиқаришади.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати