Ўзбекистон туманида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда
Сўнгги йилларда бевосита муҳтарам Юртбошимиз томонидан йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини тубдан такомиллаштириш, соҳага инновацион технологияларни кенг жорий этиш ва фуқаролар ўртасида ҳайдовчилик маданиятини юксалтиришга қаратилган ҳаётбахш ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
2022 йилнинг 4 апрель куни қабул қилинган "Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-190-сонли Президент қарори ҳам бу борадаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди.
Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон туманида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида "Қўқон-Мингтут-Аэропорт” , “Қўқон Яйпан-Исфара” , “Яйпан-Ўқчи-Шойимбек” йўлларининг маълум километрларида шовқинлантирувчи чизиқлар чизилди, кўчма светофорлар ва маёқлар ўрнатилди.
Тумандаги 14-, 15-, 37-, 49-умумтаълим мактаблари ва 7-мактабгача таълим ташкилотининг олдига Туркия тажрибаси асосида асфальт қопламаси ётқизилиб, сунъий нотекислик ҳосил қилинди.
Шўрсув қишлоғида 5 та сунъий нотекислик яратилиб, кўчма светофор ўрнатилгани ҳам ҳаракат хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ҳайдовчиларни ҳушёрликка чақиришда муҳим омил бўлмоқда.
Бу каби чора-тадбирлар фуқароларни огоҳликка чақириш билан бирга, оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга ҳам хизмат
қилади.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати