8 Ноябр 2023 йил 1480

Фарғона вилояти ИИБ раҳбарияти бошчилигида Бағдод тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий шифохона ҳудудини ободонлаштириш ва куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда

Шу кунларда Бағдод тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий шифохона ҳудудини ободонлаштириш ва куз-қиш мавсумига тайёрлаш борасида бир қатор салмоқли ишлар амалга ошириляпти.

Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Азизбек Икрамов бошчилигида жорий йилнинг 31 октябрь кунидан бошлаб йўлга қўйилган   ушбу хайрли ишларда туман ободонлаштириш корхонаси, автомобиль йўллари корхонаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлардан техника воситалари  ҳамда ишчи-ходимлар жалб қилинган. 

Хусусан, марказий шифохонага қарашли Туманлараро қўшма шикастланишлар ва юрак қон-томир касалликлари маркази биносининг  ички қисми тўлиқ таъмирдан чиқарилди ва бўлимларнинг фасад қисмини таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 

Ҳудуддаги чиқиндиларни олиб кетиш учун жами 13 та техника жалб қилинди. 

Марказий шифохонанинг нотекис жойларини текислаш учун 20 камаз шағал ётқизилди. Ҳудуддаги гулзорлар  янги тупроқ билан тўлдирилди. Шунингдек, йўлакларга асфальт босилди.

Шифохона ҳудудига  “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги кўчат экиш мавсуми доирасида 253 туп гул кўчатлари, 190 туп арча кўчатлари ўтказилди.

Бу каби хайрли ишлар ҳудудни янада ободонлаштириш, аҳолига қулайлик яратиш ва шу орқали одамларни бугунги кунидан рози қилишга хизмат қилади.

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech