Марғилон шаҳрида интернет ижтимоий тармоғи орқали пулларига алданган аёл ИИБга мурожаат қилди
Марғилон шаҳри. 23 декабрь куни Ғ.А. исмли аёл ИИБга мурожаат қилиб, унда 2021 йилнинг 08 декабрь куни номаълум аёл “Телеграм” ижтимоий тармоғи орқали ишончига кириб, қишки кийимлар сотишини айтиб, 2.000.000 сўм пулларини ўзининг номига расмийлаштирилган пластик картага ўтказиб олиб, берган ваъдасини бажармасдан алдов йўли билан пулларни қўлга киритганлигини билдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан Марғилон шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Р.З исмли аёл содир этганлиги аниқланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фирибгарлик қонунга асосан жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини эсдан чиқарманг.
Юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати