Корея Республикаси фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш масаласи муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 28 апрель куни Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасида Корея Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Элчихонаси Консули, Полиция атташеси Ким Мун Чже билан учрашув ташкил этилди. Учрашувни Фарғона вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник А. Адхамов очиб, бугунги кунда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар ривожланиб бораётганлигини таъкидлаб, буни биргина Фарғона вилояти мисолида кўриш мумкинлигини айтиб ўтди. Жумладан, сўнгги йилларда вилоятда ўз фаолиятини бошлаган Фарғона шаҳридаги Ўзбекистон – Корея халқаро университети, “Сеул моторс” МЧЖ каби қўшма корхоналари вилоятнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожига ўз ҳиссасини қўша бошлаганини таъкидлади.
Шундан сўнг полиция атташеси Ким Мун Чже самимий қабул учун Фарғона вилояти ИИБга ўз миннатдорчилигини билдириб, янги таъмирдан чиққан бошқарма биноси унда илиқ таассурот қолдирганини таъкидлади. Шунингдек, у вилоятга меҳнат фаолияти юзасидан келиб, вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтган Корея Республикаси фуқаролари сони сезиларли даражада ошиб, Республика вилоятлари ичида Фарғона вилояти Корея Республикаси фуқаролари вақтинча турган жойи бўйича энг кўп рўйхатдан ўтган ҳудудга айланганлигини айтиб ўтди.
Учрашув сўнггида Фарғона вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник А. Адхамов келгусида ҳам Фарғона вилоятида ўз фаолиятини олиб бораётган ҳамда саёҳат мақсадида ташриф буюрувчи Корея Республикаси фуқароларининг хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлаб, ташриф учун консулга ўз миннатдорчилигини билдирди.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати