Кибермаконда содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш ҳафталиги доирасида матбуот анжумани ўтказилди
Аввал хабар қилганимиздек, Фарғона вилояти ҳокимининг 2023 йил 8 февраль кунидаги тегишли қарори билан 13 февраль кунидан 19 февраль кунига қадар “Кибермаконда содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш ҳафталиги ўтказилиши белгиланган.
Шу муносабат билан Фарғона шаҳридаги Тадбиркорлар уйи мажлислар залида матбуот анжумани ўтказилди. Унда вилоят ҳокимлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда вилоят ИИБ мутасадди раҳбарлари, республика ҳамда маҳаллий ОАВ мухбирлари, ахборот хизматлари ходимлари, блоггерлар, жамоатчилик ҳамда ёшлар вакиллари иштирок этди.
Анжуманда вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, полковник Мансур Сатторов сўзга чиқиб, кибержиноятларнинг олдини олиш ҳамда виртуал муҳитдаги кибертаҳдидлардан аҳолининг огоҳлигини ошириш мақсадида ташкил этилаётган ҳафталик доирасида бўлиб ўтадиган тадбирлар режаси ҳамда ўтказиладиган танловлар ҳақида сўз юритди.
Режага кўра, ҳафталик давомида “Киберхавфсизлик билимдонлари” интеллектуал ўйини ўтказилади. “10 та энг яқиним” ва “Биз бир оиламиз” хештеги остида ижтимоий тармоқларда челленжлар уюштирилади. Блогерлар ўртасида “Энг яхши контент” танловини ташкил қилинади.
Шунингдек, таълим муассасаларидаги ёшлар, ижодий фаолият билан шуғулланувчи аҳоли ўртасида кибержиноятларга қарши курашишни тарғиб қилувчи “Энг яхши монолог”, “Энг яхши иншо”, “Энг яхши шеър” танловларини ўтказиш ҳам белгиланди.
Булардан ташқари, “Банк картаси кодини ҳеч кимга бермайман” шиори остида катта ёшдаги аҳоли вакиллари, фахрийлар иштирокидаги тарғибот материаллари танлови, тиббиёт ходимлари ўртасида “Интернет тармоғидан хавфсиз фойдаланаман” шиори остида видеороликлар танлови, маҳаллалар ўртасида кибержиноятларга қарши курашишни тарғиб қилувчи “Энг яхши маҳалла” танловини ўтказиш ҳам кўзда тутилган.
Матбуот анжумани давомида мазкур ҳафталик илк маротаба, тажриба тариқасида айнан Фарғонада ўтказилаётгани алоҳида таъкидланди.
Журналистларни қизиқтирган барча саволларга ишчи гуруҳи аъзолари томонидан батафсил жавоб қайтарилди.
Ёшлар ва жамоатчилик вакиларининг мавзуга оид таклифлари эшитилди.
Ҳафталик доирасида тадбирлар жойларда давом этмоқда.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати