КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИК ОЙЛИГИ ЮҚОРИ САВИЯДА ЎТМОҚДА
Ички ишлар вазирлигининг тегишли фармойишига кўра 2021 йилнинг 15 ноябридан 15 декабрь кунига қадар соҳа ходимлари ўртасида “Касбий тайёргарлик ойлиги” ўтказилмоқда. Бу борада Фарғона вилояти ички ишлар органларида ҳам бир қатор амалий тадбирлар, маҳорат дарслари ва спорт мусобақалари ташкил этиляпти.
Қўқон шаҳар Ички ишлар бошқармасида ҳам ойлик доирасида ходимларнинг жисмоний ва жанговар тайёргарлигини оширишга қаратилган турли тадбирлар ўтказилди. Хусусан, 9 миллиметрли ПМ жанговар қуролидан фойдаланиш бўйича машғулотлар ташкил этилиб, масъул ходимлар томонидан ушбу қуролнинг тактик-техник хусусиятлари, қўллаш асослари ва олиб юриш тартиби тўғрисида тушунчалар берилди, ходимларнинг амалий кўникмалари бойитилди.
Шунингдек, бошқарма шахсий таркиби иштирокида шаҳар ҳудудидаги 2-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактаби залида стол тенниси, мини футбол мусобақалари ўтказилди. Бўлинмаларда саф кўриклари ташкил қилиниб, ходимларга хизмат ва ижро интизоми бўйича зарур тавсиялар берилди.
Бундан ташқари, бошқарма шахсий таркиби ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” шиори остида юриш марафони ва оммавий спорт тадбирлари ўтказилди. Шаҳар ҳудудидаги Ўрда мажмуаси атрофида ташкилланган марафонда соҳа ходимлари фаол қатнашиб, аҳолига намуна бўлдилар.
Бундай мусобқалар бошқа шаҳар-туман ички ишлар бўлимларида ҳам уюшқоқликда ташкил қилинмоқда.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати