7 Октябр 2022 йил 1002

Ўзини блогер деб таништириб, жиноят ишини ижобий хал қилиб бериш эвазига фуқародан 10 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора тариқасида қўлга киритмоқчи бўлган шахслар ушланди

Жорий йилнинг 5 октябрь куни фуқаро Донёрбек Қўзибоев (муқаддам судланган) ҳамда Умиджон Жўраевлар олдиндан тил бириктириб, фуқаро Д.Э.нинг тергов органи томонидан айбланиб, қамоққа олинган таниши Т.Р.ни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишловчи мансабдор шахслар орқали қамоқдан чиқариб, жиноят ишини ижобий хал қилиб беришлари эвазига ундан 10.000 АҚШ доллари талаб қилишган.

Фуқаронинг аризаси асосида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир давомида юқоридаги шахслар Қўқон шаҳар, Туркистон кўчасида аризачидан 10 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Донёрбек Қўзибоев ва Умиджон Жўраевларга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси 3-қисми «а» банди ва 28, 211-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Шунингдек, муқаддам судланган фуқаро Донёрбек Қўзибоев 3 нафар фуқаролардан жарима майдонидаги автомашинани чиқариш, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бериш ва бошқа ҳаракатлар учун ҳам пул олганлиги юзасидан аризалар келиб тушган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда

Ҳурматли фуқаролар, мамлакатимизда сўз эркилигидан самарали фойдаланиб, ҳалол ва шаффоф фаолият юритаётган журналист ва блогерларнинг номига доғ тушуриб, ўз фаолиятида фирибгарлик, пора олиш ва бериш каби ҳаракатларни содир этаётган блогерлар ҳам йўқ эмас.

Ўз ҳаракатларингизни қонундан четга чиқмаган ҳолда амалга оширинг. Огоҳ бўлинг!

 

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech