25 Феврал 2023 йил 454

Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳи Фарғона вилоятида кинология хизмати фаолиятини ўрганиб, амалий ёрдам кўрсатди

Ички ишлар органлари фаолиятида, хусусан, жиноятларни иссиқ изида фош этиш ва гиёҳванд моддаларни излаб топиш каби муҳим топшириқларни бажаришда кинология хизматининг роли жуда катта.

Шу боис соҳа ходимларнинг касбий маҳорати ва жанговар шайлигини ошириш, хизмат итлари билан ишлаш кўникмаларини яхшилаш, тизим моддий техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиб, назарий ва амалий ўқув машғулотлари мунтазам ташкил этиляпти.
Вазирлар Маҳкамасининг «Ички ишлар органларининг кинология хизматлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорида кўрсатиб ўтилган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда соҳа ходимларига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти етакчи мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ Фарғона вилояти ИИБ Жамоат тартибини сақлаш бошқармасига кинология бўлинмасида бўлиб, ўрганиш ишларини олиб бордилар.

Ўрганишлар давомида кинология бўлинмаси ҳамда Биринчи ва Иккинчи минтақавий ҳудуд мувофиқлаштириш маркази кинология гуруҳлари ходимларининг ҳуқуқий билимлари, касбий маҳоратлари, хизмат итларининг из қидирув, гиёҳвандлик моддалари топиш, тўсиқларни енгиш каби амалий жиҳатлари кўздан кечирилди.

Эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар бевосита ходимлар иштирокида муҳокама қилиниб, келгусида порахўрликка йўл қўймаслик, хизматни сифат жиҳатидан яхшилаш учун зарур тавсиялар берилди.

Бир сўз билан айтганда, бу каби амалий тадбирлар кинология хизмати ходимларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, хизмат итларининг шайлигини таъминлаб боришда муҳим аҳамият касб этади.

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech