Ички ишлар вазирлиги Фахрийлар кенгаши аъзоси, истеъфодаги генерал-майор Хабибулла Хожиматов иштирокида уч авлод учрашуви ўтказилди
Барчамизга яхши маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 январдаги ПҚ–10-сон қарори мазмун-моҳиятини барча шахсий таркибга тўлақонли етказиш, шунингдек, ходимларни чинакам ватанпарварлик ҳамда бурчга садоқат руҳида тарбиялашда соҳада бой амалий тажриба тўплаган фахрий-устозларларнинг ёрдами беқиёсдир.
Ҳаётда кўп синовларни бошдан ўтказиб, комиллик даражасига етган устозлар ҳар қандай масалада ёшларга оталарча ўгит ва маслаҳатлар бериб, уларни тўғри йўлга соладилар.
Шуларни ҳисобга олган ҳолда Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Азизбек Икромов томонидан тегишли фармойиш қабул қилиниб, Касбий маданият ва хизмат интизоми талабларини барча шахсий таркибга етказиш бўйича республика тарғибот гуруҳи фаолияти йўлга қўйилди.
Жорий йилнинг 20 февраль кунидан бошлаб бир ой муддат давомида Вазирлик Фахрийлар кенгаши аъзоларидан иборат ушбу тарғибот гуруҳи ҳудудий ички ишлар органлари шахсий таркиби билан алоҳида жадвал асосида учрашувлар ўтказиши белгиланган.
Жумладан, Фахрийлар кенгаши аъзоси, истеъфодаги генерал-майор Хабибулла Хожиматов иштирокида Фарғона вилоятида ҳам ана шундай учрашув ҳамда мулоқотлар ўтказилмоқда.
Вилоят ички ишлар бошқармасида ташкил этилган уч авлод учрашувида сўз олган тарғибот гуруҳи аъзолари ҳамда фахрийлар Давлатимиз раҳбарияти томонидан ички ишлар органлари ходимларига қўйилаётган талаблар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 январдаги 10-сонли қарорининг аҳамияти, Касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси мазмун-моҳиятини шахсий таркибга ҳаётий мисоллар ёрдамида тушунтириб бердилар.
Ходимларга турли мураккаб ва низоли вазиятларда Кодекс ҳамда тегишли қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш, таъмагирлик, порахўрлик ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби салбий иллатлардан йироқ юриш, фуқароларга ҳар томонлама намуна бўлиш кераклиги хусусида маслаҳат ва тавсиялар берилди.
Ўзаро савол-жавоб ҳамда самимий мулоқот руҳида кечган учрашув “Устоз-шогирд” анъанасининг амалдаги исботи сифатида соҳа ходимларининг билим даражаси ва касбий маҳоратини юксалтиришга хизмат қилди.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати