Ички ишлар органларида патруль текширув гуруҳлари фаолият кўрсатмоқда
Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи билан соҳа ходимлари, ҳарбий хизматчилари, таълим муассасалари тингловчи ва курсантлари томонидан хизмат кийимини ўрнатилган тартибда кийиб юриш ва одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя этилишини, шунингдек, транспорт воситаларини бошқаришда йўл ҳаракати қоидаларига, жамоат ва хизмат жойларида тартиб-интизомга амал қилинишини назорат қилиш мақсадида патруль текширув гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилган.
Айни пайтда вилоят ИИБнинг тегишли соҳавий хизматлари масъул ходимларидан иборат патруль текширув гуруҳлари ички ишлар органларида, таълим муассасалари, блок-пост ва йўл патруль хизмати масканлари, бозорлар ҳамда жамоат жойларида ходимларнинг хизмат кийимини кийиб юриш ҳамда улар томонидан шахсий ва хизмат автотранспорт воситаларини бошқариш тартиб-қоидаларига риоя этилишини назорат қилмоқдалар.
Ушбу гуруҳлар томонидан тегишли ҳудуд бўйлаб ҳафтада камида бир маротаба ошкора тарздаги текширувлар амалга оширилади, аниқланган хизмат интизоми бузиш ҳолатлари юзасидан айбдор ходимлар ҳамда уларнинг бевосита раҳбарларига нисбатан қатъий чоралар кўрилади.
Ходимлар томонидан хизмат интизомини қўпол равишда бузиш, шу жумладан қонуний талабларга бўйсунмаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда, тегишли раҳбарни огоҳлантирган ҳолда шу жойнинг ўзида чора кўрилади.
Вилоят ИИБ Ахборот хизмати.