Фуқаролиги бўлмаган шахслар диққатига!
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ПФ-61-сонли Фармонига асосан, эндиликда «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддаси учинчи қисмига мувофиқ:
ота-онасидан бири (ёлғиз отаси ёки онаси) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари деб тан олинган;
чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган;
Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиш истагини билдирган фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олинади.
Башарти ота-онаси (ёлғиз ота ёки онаси) билан бирга Ўзбекистон Республикасига кириб келган бола доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинмаган бўлса, ота ёки онасининг доимий рўйхатга олинган жойи унинг доимий рўйхатга олинган жойи ҳисобланади.
Ушбу бандда назарда тутилган шахсга доир Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тан олиш юзасидан ҳужжатларни қабул қилиш ва материални кўриб чиқиш унинг ота-онасидан бирининг (ёлғиз отаси ёки онаси) Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олинганлиги бўйича тегишли хулосалар мавжуд бўлган тақдирда, мазкур Низомнинг 27-бандига мувофиқ амалга оширилади.
Қуйидаги шахсларнинг ҳам Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тан олиш юзасидан аризалари «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддаси учинчи қисмига мувофиқ кўриб чиқилиши мумкин:
а) агар ота-онасидан бири (ёлғиз ота ёки онаси) 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келиб ёки ўн беш йил давомида доимий яшаб келаётган ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан фуқароликка қабул қилинган бўлса;
б) агар ота-онасидан бири 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келиб, доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ва вафот этган бўлса.
Бундай шахсларнинг Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тан олиш юзасидан ҳужжатларини қабул қилиш ва материални кўриб чиқиш мазкур Низомнинг 27-бандида кўрсатилган тартибда амалга оширилади.
Ҳурматли вилоятимиз ҳудудида доимий рўйхатдан ўтиб яшовчи юқоридаги талаблар таъсири доирасига тушувчи фуқаролиги бўлмаган шахслар. Агарда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш истагида бўлсангиз ҳудудий ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига мурожаат этишингизни сўраб қоламиз.
Фарғона вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси.