Фарғона вилоятида шаҳар ва туманлараро транспорт қатнови ҳаракати вақтинча чекланди
Айрим ижтимоий тармоқларда Фарғона шаҳрига кириш бутунлай тўхтатилганлиги, шаҳарга автомашиналар киритилмаётганлиги ҳақида хабарлар ҳақиқатга яқин эмас.
Фарғона вилоят ички ишлар бошқармаси Фарғона шаҳрига кириш-чиқиш бутунлай тўхтатилмаганлигини, фақат короновирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш, аҳолининг санитария ва эпидимологик осойишталигини таъминлаш мақсадида, Республикамизда эълон қилинган карантин сабабли айрим чекловлар ўрнатилганлигини маълум қилади.
Ҳозирги кунда Фарғона шаҳрига кириш йўлларида 8 та вақтинчалик карантин постлари ташкил этилган бўлиб, постларда ички ишлар, миллий гвардия, давлат санитария назорати органлари ходимлари хизмат олиб бормоқда. Шаҳар ҳудудига киришга чеклов ўрнатилган.
Ўрнатилган чеклов юк ташувлари билан шуғулланаётган автотранспорт воситалари ва уларнинг ҳайдовчиларига, хизмат фаолиятини амалга ошираётган давлат органлари ва муассасалари ҳамда жамоат ташкилоти ходимларига нисбатан тадбиқ этилмайди.
Фарғона вилоят ҳудудидан ўтган А-373 ҳалқаро автомобил йўлида юк автомашиналари ҳамда транзит ҳалқаро транспорт воситалари харакатланиши учун чеклов ўрнатилмаган.
Шу билан бирга шаҳар ҳудудида жойлашган бозорлар, озиқ-овқат савдо дўконлари, супер маркетлар, дорихоналар ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Республикамизда эълон қилинган карантин шароитида ресторан, кафе, ошхона, чойхона сингари умумий овқатланиш шаҳобчалари фаолияти тўхтатилмаган бўлиб, фақатгина айрим чекловлар ўрнатилган, яъни улар ўз фаолиятларини етказиб бериш хизмати орқали давом эттириб келмоқда.
Вилоятимиз аҳолисидан ўрнатилган вақтинчалик чеклов чораларини тўғри баҳолаган ҳолда, унга сўзсиз амал қилишларини, карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда, уйда қолишларини, ўта зарур ҳоллардагина (дорихона, озиқ-овқат дўконлари) чиқишган вақтда шахсий ҳимоя воситаларида бўлишларини сўраб қоламиз.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати