Фарғонадаги олий ўқув юртларида профилактика инспекторлари иш бошлайди
Маълумки, Фарғона вилоятида кўплаб нуфузли олий ўқув юртлари ва хорижий университетларнинг филиаллари фаолият кўрсатмоқда.
Республика идоралараро ишчи гуруҳининг Фарғонадаги ўрганишлари якунида мазкур олий ўқув юртларининг барчасида профилактика инспектори штат бирликларини жорий этиш бўйича тегишли топшириқ берилган эди.
Айни пайтда вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида амалий саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилди.
Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Фарруҳбек Ўсаров Фарғона шаҳридаги олийгоҳлар раҳбарлари билан учрашув ўтказиб, мазкур масала юзасидан ўзаро фикр алмашди.
Хусусан, Фарғона давлат университети, Корея халқаро университети, ТАТУ Фарғона филиали, Латвия ахборот тизимлари менежмент олийгоҳи, Жисмоний тарбия ва спорт университети раҳбарияти билан ўтказилган учрашувларда ижобий келишувларга эришилди.
Олий ўқув юртларида профилактика инспекторларининг иш олиб бориши талаба-ёшлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг барвақт олдини олиш билан бир қаторда, ҳудуд хавфсизлигини таъминлашга, турли кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати.