13 Март 2020 йил 991

Фарғонадаги жанжал пичоқвозликка айланиб кетди. Жиноятда гумонланган 6 нафар шахс қамоққа олинди

  Ҳақиқий эр йигитларга таъриф берилганда, “Билагида кучи бор”-дейилади. “Чўнтагида пичоғи бор”-дейилмайди.

  Жорий йилнинг 10 март куни соат тахминан 14:30 да,  24 ёшли фуқаро И.О. бир гуруҳ танишлари билан бирга Фарғона шаҳар С.Аҳмад кўчасида фуқаро Т.У. билан ўрталаридаги ўзаро келишмовчилик сабаб гап талашиб жанжаллашиб кетишган.

  Жанжал шунчаки муштлашув билан якун топмади. Т.У. ва И.О.лар ўзлари билан олиб келган пичоқларни ҳам ишга солишиб бир-бирларини таналарининг турли соҳаларига бир неча маротаба уриб тан жароҳати етказишган.

  И.О.нинг  жиноий шериклари ҳам жанжалда фаол иштирок этишиб, қўлларидаги тош ва темир жисмлар билан фуқаро Т.У.нинг бош ва танасининг турли қисмларига уриб, оғир тан жароҳати етказишиб, ҳодиса жойидан яширинишган.

  Тергов-тезкор гуруҳи томонидан ҳодиса жойидан воқеага алоқадор тош бўлаклари, ошхона пичоғи ва қон намуналари ҳамда шу атрофдаги савдо дўконига ўрнатилган видеокузатув мосламасига қайд қилинган тасвирлар ашёвий далил тариқасида олинган.

  Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан И.О ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “е,к” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноятни содир этган шахсларнинг 6 нафарига нисбатан “Қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилди. 

  Албатта, жиноят жазосиз қолмайди. Инсон соғлиги, ҳаётига тажовуз қилишнинг ҳуқуқий оқибатларидан айбдорлар хулоса чиқарадилар.

  Ҳурматли фуқаролар! Бир-биримизга шафқатсиз муносабатда бўлмайлик. Ўткир тиғли жисм билан қилинган биргина қалтис ҳаракат ҳам инсон ва унинг яқинларига оғир мусибат келтиради.

  Огоҳ бўлинг!

 

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech