Фарғонада йўл-патруль хизмати инспекторига пора таклиф қилган фуқаро қўлга олинди.
Жорий йилнинг 27 январь куни Фарғона вилояти ИИБ йўл-ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ЙПХ инспектори вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилиб, унда шу куни соат 09:20ларда Марғилон шаҳрида яшовчи 37 ёшли фуқаро Р.Т. бошқарувидаги “ВАЗ-2106” русумли автомашинасини Фарғона шаҳар Аэропорт кўчасида ҳеч қандай хужжатларсиз бошқариб келганлигини аниқлаб, унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириб, автомашинани жарима майдонига жойлаштирганлигини, бироқ у фуқаро Р.Т.,га нисбатан қонуний чора кўрмаслик ва автомашинасини жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига дастлаб 200.000 сўм, кейинчалик эса 500.000 сўм пулларни пора тариқасида таклиф қилаётганлигини билдириб, Р.Т.,га нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Мазкур билдирги асосида, 27 январь куни соат 15:30да Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ўз хавфсизлик бошқармаси Фарғона вилояти бўйича бўлими, вилоят ИИБ ЖҚБ КваИЖҚКБ ҳамда ИЖҚКД Фарғона вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро Р.Т. Фарғона шаҳар Аэропорт кўчасида жойлашган жарима майдони олдида, хизматда фойдаланиш учун бириктирилган “Lacetti” русумли автомашинаси ичида ЙПХ инспекторига 500.000 сўм пулларни берган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ушланган ва Р.Т.дан 10 дона 50.000 сўмлик купюралик жами 500.000 сўм миқдоридаги пуллар холислар иштирокида ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ИЖҚКД Фарғона вилояти бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати