Фарғонада яна 4 та шаҳар-туман марказларидаги “Тўхташ тақиқланади” йўл белгилари таъсир доираси ҳудудига стационар махсус камералар ўрнатилади
Қўқон шаҳридаги “Янги бозор” савдо мажмуаси жойлашган Фаробий кўчасида тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида “Тўхташ тақиқланади” йўл белгиси таъсир доирасида қолдирилган автомобилларни қайд қилиб борувчи 4 та айланма махсус стационар камералар ўрнатилганлигидан хабарингиз бор.
Расман 10 март санасидан иш бошлаган стационар махсус камералар туфайли бугун ушбу ҳудудда тартиб ўрнатилди.
Ҳозирда Фарғона вилоятининг Фарғона ва Марғилон шаҳарлари ҳамда Данғара ва Олтиариқ туманлари марказидаги “Тўхташ тақиқланади” йўл белгиси таъсир доирасига ҳам мана шундай махсус камералар ўрнатиш ишларига киришилди.
Эслатиб ўтамиз! Ушбу ақлли қурилмалар автомобиль тўхтаган вақтни белгилаб олади ва 1 дақиқадан сўнг ўша жойга қайтиб, вақт ва фотосуратларни таққослайди. Камера инсон омилисиз, автоматик тарзда ишлаб, автомобилнинг рақамини аниқлаб, қоидабузарлик бўйича қарор қабул қилади.
Ўзбекистон почтасига жўнатилган хабар асосида ҳайдовчининг уйига маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги қарор юборилади.
Унутманг! Ҳурматли ҳайдовчи!
Бу каби қатъий чора-тадбирлар Cизни жаримага тортиб, пулингизни “Шилиш” мақсадида эмас, жамоат жойларида йўл-ҳаракати хавфсизилигини таъминлаш, келиб чиқиши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳолатларни олдини олишга қаратилган.
Ўзини ва бошқаларни ҳурмат қилган ҳайдовчи, ҳамиша йўл қоидаларига амал қилади.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати