РАСМИЙ МУНОСАБАТ
Интернет ижтимоий тармоғидаги “Фарғонада саноат корхоналаридан газ узиб қўйилиши натижасида 10 минглаб аҳоли ишсиз қолмоқда, улар газ улаб берилишини сўраб, кўчага чиқишмоқда” сарлавҳали видеохабар Фарғона вилояти ИИБ томонидан ўрганиб чиқилди.
Ушбу видеомурожаатда Ўзбекистон тумани, Шўрсув МФЙдаги "Шўрсув" саноат зонасида жойлашган “ALBUS” гипс ишлаб чиқарувчи завод табиий газдан узилганлиги сабабли, заводда ишловчи ишчилар видео мурожаат орқали ўз эътирозларини билдиришган.
Республика бўйлаб ҳаво ҳароратининг пасайиши ва энергия тақчиллиги объектив ҳолати келиб чиққанлиги муносабати билан саноат корхоналарига газ етказиб бериш қатъий чекланган.
Ушбу чоралар қаторида «Шўрсув» шаҳарчасидаги «Albus Cement Group» заводидан ташқари, мазкур ҳудуддаги «Турон Эко Цемент», «Турон ПФК», «Шаффофсемент саноат», «Қурулиш ашё Сифат» МЧЖларга қарашли ишлаб чиқариш корхоналарига ҳам Вазирлар Маҳкамасининг тегишли баённомасига асосан 2022 йил 27 ноябрь куни табиий газ тармоғидан муҳрлаш йўли орқали узилган. Газни узиш юзасидан асослар мазкур завод ва газ етказиб берувчи корхона ўртасида тузилган шартномада ҳам кўрсатилган.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 29 ноябрь куни туман газ идораси масъул ходимлари томонидан “ALBUS” заводига уланган газ тармоғи текширилганда, ушбу завод томонидан ўзбошимчалик билан қайтадан газ тармоғига ноқонуний улаб олинганлиги аниқланган ва далолатнома тузилиб, газ қувуридан яна бир бор кесиб қўйилган.
Юзага келган объектив мураккаб шароитни тўғри тушунган ҳолда «Albus Cement Group» дан ташқари бошқа юқоридаги корхоналар муқобил ёқилғи (кўмир)га ўтишган.
Шундай бўлсада, газ етказиб беришдаги объектив ҳолатдан завод директори, бошқарувчиларнинг ҳам тўлиқ хабари бўлиб туриб,
6 декабрь куни завод иш юритувчиси А.Т. ва 20 га яқин ишчилари завод фаолияти тўхтаганлигидан норозилигини билдириш учун олдиндан қилинган режа ва таклиф қилинган учинчи шахслар иштирокида намойиш ташкиллаштирилган.
Ушбу намойишда ходимлар келишувга кўра атайин эҳтиросли сўзлар, чалғитувчи гаплар ва кескинлик ёрдамида, шунингдек ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборотлар орқали ўз мурожаатларини етказишган ва видеомурожаат олдиндан ушбу ҳолатни тасвирга олишга таклиф қилинган инсонлар иштирокида телеграм тармоғидаги “Olimjon Haydarov” каналида эълон қилинган.
Юқоридаги ҳаракатлар фуқароларнинг осойишталигини бузувчи хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик, шунингдек намойишлар ўтказиш тартибини бузганлик сифатида ҳуқуқий квалификация қилинган ҳолда заводнинг жами 7 нафар ишчиларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183, 201-моддалари билан ҳужжатлар расмийлаштирилди ҳамда суд органига тақдим қилинди. Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман суди 2022 йил 7 декабрь куни ҳуқуқбузарларнинг 1 нафарига 10 сутка, 6 нафарига 5 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган.
Шунингдек, тарқатилган видеода ва унга берилган изоҳларда бошқа заводларда газ ўчирилмагани, бу масалага мансабдор шахсларнинг алоқаси борлиги ва 10 минглаб ишчилар ишсиз қолаётганлиги важ келтириб, ноаниқ ва ҳақиқатга мос бўлмаган ахборот ҳам тарқатилган. Жумладан, “Шўрсув” ҳудудидаги "Knauf" корхонасининг табиий гази узилмаганлиги айтиб ўтилган, лекин ҳақиқатда “Knauf” корхонаси жорий йилнинг 29-ноябрь кунидан бошлаб табиий газ олмаётганлигини газ корхоналари тасдиқлаган.
Бундан ташқари «Albus Cement Group» табиий газдан узилиши оқибатида 10 минга яқин ишчилар ишсиз қолишганлиги юзасидан келтирилган важлари асоссиз бўлиб, ушбу корхонада 241 та ишчи ходимлар ишлаши аниқланган. Яъни, мазкур ахборотларни атайин асосий мурожаатга аралаштириш орқали, видеотасвир аудиториясини кенгайтириш ва давлат органларини обрўсизлантириш мақсад қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202-2 моддасига асосан жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Ушбу йўналишдаги ҳаракатларга аниқлик киритиш ва таҳлил қилиш ишлари давом этмоқда.
Ҳозирги энергия тақчиллиги шароитида барча мутасадди органлар юзага келган мураккаб вазиятнинг сабабларини аҳолига кенг тушунтирмоқда, Ҳукумат комиссияси тузилган ҳолда муаммоларни манзилли ўрганиш ва тезкор чоралар кўриш ишлари ташкил этилган.
Энергия билан боғлиқ бўлган вақтинчалик салбий ҳолатлар республиканинг барча ҳудудида кузатиляпти, мазкур ҳолатдан эса айрим шахслар ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб, аҳоли осойишталигига қарши, ваҳима ва чалғитувчи маълумотлар тарқатиб, фуқароларни ноқонуний ҳаракатларга чорлашига қатъий чоралар кўрилишини эслатиб ўтамиз.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати